“Куйла ёшлигим” телетанловининг мамлакат босқичи ўтказилди
Бугунги кунга қадар Ёшлар маданият ва санъат маркази давлат унитар корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Куйла ёшлигим” телетанловнинг ҳудудий босқич (кастинг)лари ўтказилган. Ушбу ҳудудий босқичларда 1600 нафардан зиёд истеъдод эгалари ўзларини синовдан ўтказиб, улардан 94 нафари республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритгандилар.
Жорий йилнинг 25 апрель куни Ёшлар ижод саройида телетанловнинг республика босқичи ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан, республика саралаш босқичида 15 нафар энг истеъдодли иштирокчилар танлаб олинди.
Республика босқичидан муваффақият билан ўтган 15 нафар энг кучли овоз соҳиблари учун 6 ҳафта давомида вокал, хореография, актёрлик маҳорати ва психологиядан машғулотлар олиб борилади. Энг асосийси, Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан иштирокчиларга замонавий овоз ёзиш студиясида ўз қўшиқларини ёзиш имконияти тақдим этилади.
Танлов шартига биноан, ҳар ҳафта лойиҳанинг якуний финал босқичи иштирокчиларининг ҳисобот концертлари ташкил қилинади. Унинг натижаларига кўра, ҳайъат аъзолари уч нафар нисбатан муваффақиятсиз иштирокчини танлайди ва улардан икки нафари лойиҳани тарк этади.
Якуний гала концерт ўзбек эстрадаси хонандалари ва лойиҳа финалчилари иштирокида “Истиқлол” санъат саройида ўтказилади. Концертда лойиҳанинг финал босқичи қатнашчилари ва танлов ғолиби эълон қилинади.
Лойиҳа якунланганидан сўнг, Республика бўйлаб “Куйла, ёшлигим!” эстрада вокал танловининг ғолиби ва қатнашчилар иштирокида концерт дастурлари ташкил этилади.