“Куйла ёшлигим” телевизион танлови ўтказилмоқда
Ёшлар маданият ва санъат маркази давлат унитар корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 16-25 ёшгача бўлган ижодкорлар ўртасида “Куйла ёшлигим” телевизион танлови ўтказилмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад юртимизнинг чекка ҳудудларидаги ноёб иқтидор эгаларини излаб топиш, уларнинг эстрада санъатидаги истеъдодини намоён этишлари учун ижодий майдон яратиш, ўзбек миллий эстрада санъатини анъаналарини тарғиб қилишдир.
Илк бор ўтказилаётган телетанлов республиканинг барча ҳудудларида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) жорий йилнинг март-апрель ойлари давомида ўтказилиб, ҳар бир ҳудуддан 5-8 нафар иштрокчи саралаб олинади.
Танлаб олинган иштирокчилар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Республика босқичида ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 15 нафар иштирокчи саралаб олинади. Саралаб олинган 15 нафар иштирокчи учун 6 ҳафта давомида вокал, рақс ва актёрлик маҳоратидан машғулотлар олиб борилади, улар учун қўшиқ ёзиш имконияти яратиб берилади. Ҳар ҳафта ҳисобот концерти ташкил этилиб унинг натижасига кўра, ҳайъат аъзолари 3 нафар нисбатан муваффақиятсиз иштирокчини танлайди ва улардан икки нафари лойиҳани тарк этади.
Якуний гала концерт ўзбек эстрадаси хонандалари ва лойиҳанинг барча иштрокчилари ҳамкорлигида ўтказилади. Якуний концертда лойиҳанинг финал босқичи қатнашчиси ва ғолиблари эълон қилинади.
Лойиҳа якунланганидан сўнг, республика бўйлаб ғолиблар ва барча қатнашчилар иштирокида концерт дастури ташкил этилади.
Лойиҳанинг Тошкент шаҳри ва вилояти босқичи 13-14-15 апрель кунлари бўлиб ўтади. Бугун танловнинг илк куни бўлиб ўтмоқда. Ўз истеъдодига ишонган ва уни юзага чиқаришга тайёр бўлган ёшлар имкониятларини синаб кўрмоқдалар. Иштирокчиларга омад тилаган ҳолда лойиҳани кузатишда давом этамиз.