Қўшиқларга қайта ҳаёт бағишланди Хожиакбар Ҳайдаровдан
Ёш ижодкорлар орасида ўзининг истеъдоди ва ўзига хос овози билан ажралиб турувчи Хожиакбар Ҳайдаров бугун бир эмас иккита ижод намунасини тингловчилар эътиборига ҳавола этмоқда. Хожиакбарнинг отаси марҳум санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаров томонидан бир неча йиллар аввал куйланган ва ўз даврининг энг оммабоп тароналари қаторидан жой олган “Давлатинг борида” ва “Юрагимни йўлбарсларга едираман” номли қўшиқларига бугун қайта ҳаёт бағш этилди, десак адашмаймиз.
Зеро, халқимиз юрагидан жой олган мазкур тароналар янги сайқалланган ҳолда яна-да ёқимли жаранг сочади.
“Давлатинг борида” номли қўшиқнинг матни Садойи қаламига мансуб бўлиб, мусиқасини Нуриддин Ҳайдаров басталаган. Дониёр Ибрагимов эса замонавий мусиқий сайқал берган.
“Юрагимни йўлбарсларга едираман” номли кейинги таронанинг шеъри эса Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган. Мусиқасини таниқли композитор Анор Назаров яратган бўлиб, аранжировкани Нодир Хафизов амалга оширди.
Яқин кунларда хонанда Хожиакбар Ҳайдаров ижодида яна бир янгилик кутилмоқда. Яъни, ота ҳақида ижро этилган янги қўшиқ учун видеоклип суратга олиш ишлари бошлаб юборилади. Янги клип премьерасини сайтимиз орқали биринчилардан бўлиб томоша қиласиз, бизни кузатишда давом этинг.