“Аёл кулса” тез кунда...
Актриса ва хонанда Замира Бешимова бошчилигида бир гуруҳ қизлар иштрок этган “Ladies show” телелойиҳаси кутилмаган янгилик сифатида кўпчиликка манзур келганди. Лойиҳа энди бошқа номда тақдим этилмоқда. “Аёл кулса” номи остида катта дастур тақдим этишга шай турган мазкур жамоанинг ижодий гуруҳ аъзолари ҳам ўзгарган. Янги таркибда хонанда ва актриса қизлардан Умидахон, Каниза, Мадина Мумтоз, Ойхон Ифорзода, Феруза Норматова, Нигина Анорбоева, Саида, Феруза Мустафаева, Нигора ҳамда Замира Бешимовалар қизиқарли ҳазил ва хангомалари билан саҳна кўринишлари намойиш этишади.
Айни кунларда эса мазкур дастур учун репетиция жараёнлари бошлаб юборилган. Катта лойиҳа сценарийси устида Индира Мифтханова ҳамда Дилнора Саиповалар иш олиб боришмоқда шу билан бир қаторда лойиҳанинг ташкилий ишларига яқиндан ёрдам бераётган Sb.uz портали раҳбари Миртоҳир Мирғуломовга бошловчилик вазифаси ҳам юклатилган. Режиссёр Замира Бешимова ҳар бир саҳна кўриниши борасида ҚВЗ ташкилотчиларидан бири Олимжон Худойназаров билан маслаҳатлашиб иш тутади.
Дастурда нафақат кулгу ва юморга бой хангомалар, балки хонанда қизлар ижросида “hiphop” ва “break dance” элементлари аралашган рақслар билан барчани лол қолдиришади. Бундан ташқари саҳнада созандалар гуруҳи ҳар бир чиқиш олдидан ўзларининг жонли ижродаги мусиқалари билан жўр бўладилар.
Кузатиб боринг, тез кунда репетиция жараёнларидан махсус фоторепортаж тақдим этамиз. “Аёл кулса” лойиҳаси нафақат аёллар учун, балки барчага кулгу, табассум ва қувонч улашиш учун тайёрланмоқда.