Хонанда Ҳусан автоҳалокатга учрадими?
Эстрадамизнинг иқтидорли ва хушовоз хонандаси Ҳусан билан боғлиқ совуқ хабарлар сўнгги кунларда шиддат билан тарқалди. Миш-мишларга қараганда, Ҳусан автоҳалокатга учраган ва бунинг оқибатида ҳаётган кўз юмган. Охирги тўрт кундан бери Ҳусаннинг қўл телефони тинмаяпти. Нафақат Ҳусаннинг, балки, шоу-бизнес олами ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан ҳам сўраб суриштираётганлар кун сайин кўпаймоқда. Хўш, Ҳусанга нима бўлган ўзи? Нима сабабдан бундай гап-сўзлар тарқалган? Биз барчасига ойдинлик киритиш мақсадида хонанда билан боғландик.
“Биласизми, охирги тўрт кун ичида қўл телефоним тинмаяпти. Қўнғироқ қилиб сўраётганларнинг саволи битта! “Тирилмисан? Сени автоҳалокатга учраб, оламдан ўтди деб эшитдик.” Мен бу саволлардан шок ҳолатига тушиб қолдим. Ахир мен ҳеч қанақа автоҳалокатга учраганим йўқ. Соппа-соғман. Бундай совуқ хабарни ким ва нима сабабдан тарқатгани эса менга қоронғу. Нима ҳам дердим, бундай одамларга инсоф тилашдан ўзгаси қўлимдан келмайди.”-дейди хонанда сайтимизга берган маълумотида.
Аввалига биз ҳам ҳайратдан ёқа ушладик. Ҳусанга ҳеч қандай зиён етгани йўқ. Бу миш-мишларни халқ орасига тарқатганларнинг мақсади ўзларидан бошқа ҳеч кимга аён эмас. Бироқ биз ҳам уларга инсоф сўраб қоламиз. Ҳусаннинг ижодига улкан мувафаққият тилаймиз ва янги ижод намуналарини кутиб қоламиз.