Али Искандарийдан навбатдаги мусиқий туҳфа
Асосан актёр сифатида мухлисларга яхши таниш бўлган Муҳаммадали Искандаров, хонандаликда ҳам иқтидорини намоён қилиб, Али Искандарий тахаллуси билан ижод қилмоқда.
Илк қўшиқлари ва клиплари илиқ кутиб олинганидан илҳомланган ижодкор бугун навбатдаги қўшиғини тақдим этди. Бу сафарги тарона "Эркатой" дея номланади.
Шўх оҳангдаги қўшиқ хазиломуз тарзда эркатой қизларга аталганини маълум қилган хонанда бу қўшиқни ёзишда бир қатор маҳоратли ижодкорлар билан ҳамкорлик қилган.
Қўшиқнинг матни Тоҳир Муҳаммад қаламига мансуб, мусиқасини Жасур Жавҳаназаров басталаган бўлса, аранжировкаси Жасур Абдураҳмоновга тегишли. Тарона ФМ 101.00 тўлқини орқали премьера қилингач, одатга кўра тингловчиларнинг фикрлари қабул қилинди. Кайфият кўтарувчи қўшиқ сифатида эътироф этилган тарона ижрочисига мухлислар омад тилашди.
Бу тарона учун видеоклип ҳам суратга олинган бўлиб, унга Дилмурод Турдибоев режиссёрлик қилган. Клипда Халимахоним, Шаҳзода Муҳаммедова, Али Ниёзимбетов, Асал Шодиева сингари кўзга кўринган ижодкорлар ҳам иштирок этишган.
Таронага мос хазиломуз тарзда яратилган клип учун махсус декорация қурилиб, иштирокчилар учун ҳам махсус костюмлар яратилди. Али Искандарий ижросидаги "Эркатой" таронасини тинглаб, баҳраманд бўлинг!