Канизанинг фан клуби аъзолари билан ижодий учрашуви ва “Кетаман” клипи премьераси
Бугун пойтахтимиздаги “Grand Mir” меҳмонхонасининг конференциялар залида, шоу-бизнес вакиллари орасида энг изланувчан, ноанъанавий йўналишларда ўзини синаб кўришдан чўчимайдиган ва янгилик яратишдан чарчамайдиган хонанда Канизанинг янги видеоклипи тақдимоти ҳамда фан клуби аъзолари билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Канизанинг яқин дўстлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, тележурналистлар ҳамда интернет сайтлари вакиллари, шунингдек хонанданинг ижодини доимий равишда кузатиб борадиган асл мухлислари жам бўлди.
Тадбир аслида хонанданинг мухлислари талаб ва таклифи билан ташкил этилганини алоҳида айтиб ўтишимиз лозим, сабаби аксарият таниқли юлдузларнинг фан клуби ташкил этилган бўлиб, улар севимли санъаткори билан тез-тез учрашувлар ташкил этиб туришади. Канизага ҳам ана шундай таклифни билдирган мухлисларига бугун хонанда билан учрашиб, суҳбатлашиш насиб этди.
Шунингдек, барчага таниш бўлган ва хит даражасига кўтарилган, сериал тарзида давом этиб келаётган мусиқий композицияларининг учинчи қисми, яъни қайнопалар ҳақидаги тарона учун яратилган видеоклипнинг премьераси ҳам ташриф буюрган меҳмонлар учун кутилган совға бўлди.
Комедик жанрда суратга олинаётган клипда Ҳалимахон қайнона, Миртоҳир Мирғуломов қайнота, ёш актёр Шароф Шарапов куёв, истеъдодли актриса Анжелла эса қайнопа образларида намоён бўлишган. Ёш истеъдодли режиссёр Исраил Исмаилов томонидан тасвирга олинган мазкур видеоклип ижодий учрашув иштирокчиларига манзур бўлди.
Клип тақдимотидан аввал ҳам, намойишдан сўнг ҳам Каниза журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб йўллаб, ижоди ва шахсий ҳаёти ҳақида маълумотлар берди. Сайтимиз ходими томонидан берилган, яъни “Мани ёрим Қўқонда” номли янги қўшиқнинг яратилиши шахсий ҳаётингиздаги янгилик билан боғлиқлиги ҳақиқатми, деган саволга Каниза “Бу қўшиқ аввал ҳам ижро этилган тарона, аммо ўзимнинг ҳаётим билан боғлиқлиги шундаки, севимли ёрим бор ва бу йил насиб қилса барчангизни тўйга таклиф этамиз”, дея жавоб берди. Самимий ва ҳушчақчақ Канизанинг келгуси ижодига барака, ҳаётига улкан бахт тилаймиз.
Бугун сайтимиз орқали биринчилардан бўлиб сиз ҳам мазкур видеомаҳсулотни томоша қилиш имкониятига эгасиз. Марҳамат, юморга бой лавҳаларни томоша қилиб, баҳраманд бўлинг.
Фотограф Тимур Кабулов