"Диёр" гуруҳида катта ўзгариш
Сўнгги вақтда "Диёр" гуруҳи анча камнамо бўлиб, кўплаб мухлисларнинг соғинчига ҳам сабаб бўлди. Бу танаффусми ёки гуруҳ аъзолари шунчалар бандми каби саволлар билан гуруҳ продюсерига мурожаат қилганимизда, бизга кутилмаган янгиликни маълум қилди.
Мухлислар яхши билишадики, "Диёр" гуруҳи ташкил топганда Юлдуз ва Жамол ижод қилишган. Эндиликда эса 2015-йилдан гуруҳда катта ўзгариш рўй берди.
Собиқ Жамол Муродов гуруҳни маълум сабабларга кўра тарк этиб, фотосуратларда кўриб турганингиздек ўрнига Али Мажидов исмли истеъдодли хонанда қўшилди. Энди Юлдуз ва Али ҳамкорликда иш олиб боришади. Кўплаб истеъдодлар орасидан саралаб олинган Али гуруҳ асосчилари ишончини оқлашига ишонамиз.
Айни кунларда ижодкорлар янги қўшиқлар ва клиплар яратиш устида қизғин иш олиб боришмоқда. Тез кунларда янгича руҳдаги тароналар тақдим этилиши ваъда қилинди. Гуруҳ фаолиятига омад ва зафарлар тилаган ҳолда, янги ижод намуналарини кутиб қоламиз.