Дилфуза Раҳимованинг мухлисларига атаган туҳфалари бисёр
Катта саҳнани забт этганига анча йиллар бўлган ва ана шу давр мобайнида кўплаб мухлислар қалбидан жой олган Дилфуза Раҳимова шу кунларда бутун вақтини концерт дастурига тайёргарлик билан ўтказмоқда.
Хабарингиз бор, 4-5 декабрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида Дилфуза Раҳимованинг “Дил парвози” номли концерт дастури ўтказилади. Маҳоратли ижодкор бўлиши билан бирга самимий инсон сифатида ҳам ҳурмат қозонган хонанда бу концерт дастурида мухлислари учун кўплаб туҳфалар тайёрламоқда.
Бу янгиликларнинг энг асосийси Янги тароналардир. Концерт давомида ҳали мухлисларга тақдим этилмаган бир неча қўшиқлар илк бора янграйди.
Улар орасида таъсирчан қўшиқларнинг кўплиги эса меҳмонларга албатта маъқул келиши аниқ. Ота-онага бағишланган қўшиқ ҳар бир инсоннинг дил сўзларини акс эттиради. Бундан ташқари, эстрадамизда ҳали “қўл урилмаган” мавзуларда ҳам қўшиқлар тайёрланган. Буларнинг бари концерт давомида жаранг сочади.
Концерт давомида ёш ижодкор Музаффар Мирзараҳимов ҳам иштирок этади. Музаффар Мирзараҳимов Дилфуза Раҳимова билан биргаликда дуэт таронани ижро этишади.
Музаффар яна бир янги таронани тақдим этиш истагида. “Лолажон” номли қўшиқ ва унга ишланган видеоклип сайтимиз орқали премьера қилинади. Бу қўшиқ учун клип Рустам Муродов томонидан Ойбек Алиев ғояси асоида суратга олинган. Концерт давомида бу тарона ҳам янграши кутилмоқда.
Бу йил Дилфуза Раҳимова концертига жиддий тайёргарлик кўрди. Тинимсиз меҳнат самарасини баҳолаш учун эса оз фурсат қолди. Сайтимизда концертдан олинган репортажни албатта эътиборингизга ҳавола этамиз.