“Sharq” вокал чолғу ансамблидан тез кунда премьера тароналар
Ўзига хос йўналиши билан эстрадада ўз ўрнига эга “Sharq” вокал чолғу ансамбли мухлислари учун бирин-кетин сюрпризлар тайёрлаб қўйишган. Ансамбль солисти Сарварнинг айтишича, ноябрь ойининг биринчи қисмида янги фотосесия тайёр бўлади. Уни албатта биринчи бўлиб сайтимиз орқали томоша қиласиз.
Энг асосий сюрприз эса улар томонидан яратилган янги икки таронадир. Ижодидан асосан сокин ва қалбга ҳуш ёқувчи қўшиқлар жой олган “Sharq” вокал чолғу ансамблининг навбатдаги таронаси “Ширин туш” деб номланган экан.
Иккинчи қўшиқнинг номи эса ҳозирча сир тутилмоқда. Танго йўналишида яратилган қўшиқ учун яқин кунларда клип суратга олиш ишлари бошлаб юборилади. Клип тайёр бўлгунича унинг номини ошкор этиб, мухлислари эътиборига тақдим этиш ниятидалар. Иккала қўшиқнинг матни Нурмуҳаммад Исроилов қаламига мансуб бўлиб, мусиқа ва аранжировка муаллифи эса Шуҳрат Зокировдир.
Романтикага бой, соф севгини тараннум этувчи янги тарона севишган юракларнинг қалб сўзларини ўз ичига олган сатрлардан иборат.
Мазкур янги тарона тез кунда “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали премьера этилади ва аминмизки, тингловчилар қўнглидан жой олади.