Жараён: “Бойвачча куёв” МДҲ мамлакатлари тан олган “Супер келинчак” фильмининг давомими?
Аввал хабар берганимиздек, “Бойвачча куёв” картинасининг тасвирга олиш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозирги кунда қизғин кечаётган мазкур фильмнинг жараёнини биз ҳам яқиндан кузатишга мувофақ бўлдик. Режиссёр Баҳром Ёқубов ҳар доимгидек бор маҳоратини ишга солиб, ёшларга яқиндан кўмак бериб, уларнинг янги қирраларини очмоқда. Маълумки, фильмда бош ролни ижро этадиган актрисалар танлов асосида, шунингдек узоқ олиб борилган баҳс-мулоҳазалардан сўнг танланган эди. Бироқ мухлислар ҳали ҳамон куёв ким эканидан бехабар. Ҳечқиси йўқ, бугун бу сирдан ҳам воқиф бўласиз.
Тасвирга тушириш майдончасига ташриф буюрганимизда ижодий жамоа билан қизғин иш жараёни олиб борилаётганига гувоҳи бўлдик. Актёр ва актрисалар ролга шу қадар киришиб кетишгандики, четдан қараган кишига бу воқеалар гўёки ҳақиқий ҳаётда юз бераётгандек туйилади. Фурсатдан фойдаланган ҳолда, биз фильм ижодкорларини секин суҳбатга чорладик.
Юлдуз Ражабова: Бу фильмда мен Робия исмли қизни ролидаман. У қиз ўзини оиласи, яқинлари учун қурбон қилади. Қалтис ва қийин ҳолатларда ҳам кучли иродаси, сабр-бардоши билан олдинга интилади. Қолаверса, бу йўлда уни яқин дугонаси яқин дугонаси Нодира қўллаб-қувватлайди. Бу образ менинг характеримга ҳам жуда яқин. Менимча ҳар бир фарзанд ўз оиласини ҳимя қилиб, яқинларининг бахти учун қайғуради. Шунингдек, азкур фильмдаги образим бошқаларидан буткул фарқ қилади. Ўйлайманки, бу фильм барчага манзур келади. Яратган ролимга эса мухлисларнинг ўзи баҳо беришади.
Зарина Низомутдинова: Бу картина икки нафар бош қаҳрамон қиз мавжуд бўлиб, улардан бирини яъни Робия образини Юлдуз Ражабова ижро этмоқда. Иккинчиси эса Нодира. Нодира Робиянинг дугонаси бўлиб, шўх, ақлли, ўта дидли, замонавий ва насл-насабли қиз. Унинг касби юрист. Шундай хислатларга эга бўлгани учун ҳам дугонасини оғир вазиятдан чиқиб кетишига ёрдам беради.
-Бу фильмда роль ижро этишга рози бўлишингизга нима туртки бўлди? Рад этишингиз ҳам мумкин эдику?
- Биринчи навбатда режиссёр Баҳром Ёқубов бўлгани учун ҳам рози бўлдим. Чунки, бу режиссёрни фильмларини ҳар доим мухлислар илиқ кутиб олишади. Томошабинларга манзур келади. Қолаверса, биринчи яратган образим ҳам айнан шу режиссёрни фильми бўлган. Умуман олганда менга бу режиссёр билан ишлаш ёқади. Шу билан бирга улар ролни танлаш ҳуқуқини ҳам қўйиб беришди. Юқорида айтганимдак, иккинчи образ мен учун янгилик бўлгани боис, Нодира ролини танладим. Картина ҳақида гапирадиган бўлсам, комедия йўналишида. Шундай бўлса-да жуда ҳам чуқур маънога эга. Қаҳрамонларнинг ҳам ички кечинмалари ҳам кучли. Фильмда ҳаётий, аччиқ ҳолатлар комедик йўналишда мухлисларга етказилади. Ўйлайманки, бу томошабинга ёқади. Қолаверса, номи билан ҳам кўпчиликни ўзига тортиб турибди. Қолган барчасини кинотомошабинлар картинани кўриб билиб олишади.
Асқар Ҳикматов: -Фильмни сценарийсини беришганда сени образинг Жамшид бўлади деб айтишди. Сценарийни ўқиб чиқдим. Менга жуда ҳам манзур бўлди. Бироқ энг ёққан томони бу ўзим яратадиган образим бўлди. Чунки, бошқа фильмдаги ролларимдан буткул фарқ қилади. Жамшид ўта тезкор, ишбилармон, ўз ишини устаси, ишбошқарувчи, ўз ўрнига, ўз лавозимига ва ўз кучига эга. Бошқа фильмлардаги образларим кўпчиликка таниш. Ўйлайманки, бу образим мухлисларга албатта маъқул келади.
-Бу фильмни суратга олиш жараёни бошланганида Юлдуз Ражабова билан тушган фотосуратингиз тарқалди. Бундан мухлислар сизни куёв ролида деб ўйлашди? Шунга ойдинлик киритсангиз?
-Йўқ-йўқ. Бу фильмда куёв бошқа. Мен ўша куёвнинг иш бошқарувчисиман. Фотосуратга келадиган бўлсак, тўй саҳнасининг суратга олиш жараёнида олинган ҳазиломуз сурат.
Баҳром Ёқубов: Бу картинани талабларга биноан суратга оляпмиз десак янглишмаймиз. Хабарингиз бўлса керак, МДҲ таркибида бўлган давлатларнинг телеэкранларида кетма-кет “Супер келинчак” фильмимиз намойиш этилди. Бундан кўриниб турибдики, ушбу фильм нафақат Ўзбекистондаги мухлисларни балки, қўшни мамлакатларда яшовчи томошабинларини ҳам қизиқтира олди. Шундан келиб чиққан ҳолда, талабларга биноан айнан шу йўналишдаги яъни вертуоз жанридаги фильм яратишга аҳд қилдик. Вертуоз жанр бу ҳам кулдиради, ҳам йиғлатадиган фильмлар учун қўлланиладиган оғир жанр ҳисобланади. Бу картинада ҳам дард бор, ҳам кулгу бор. Охир оқибат эса бахтли якун топади. Фильм ҳақида қисқача сўзлайдиган бўлсам, биринчи ўринда инсон тақдири туради. Картина қаҳрамони Даврон болалар уйида катта бўлиб, юртимизда яратилган шарт-шароитлардан ўринли фойдаланган ҳолда ўз кучи билан юқори марраларни эгаллайди. Натижада катта тадбиркор бўлиб етишади. Бироқ, шундай воқеа юз берадики, бу унинг ҳаётини ўзгартириб юборади. Шундай бўлсада барчаси яхшилик билан тугайди. Фильмда бош ролларни Юлдуз Ражабова ҳамда Алишер Усмоновга ишониб топширдик. Улар билан ишлаш кўриб турганингиздек қизиқарли ўтмоқда.
Қолаверса, бу фильмда бир қатор актёрлар ансамбли иштирок этган. Мурод Ражабов, Муҳаммадисо Абдулҳайиров, Саида Раметова, Зарина Низомутдинова, Асқар Ҳикматов ва бошқаларни кўришингиз мумкин. Бу фильмни жорий йилнинг апрель ойида катта экранларга чиқаришни мўлжаллаганмиз. Ўйлаймизки, томошабинларга манзур келади.
Демак, кўриб турганингиздек, режиссёр шунчаки фильм суратга олаётгани йўқ. Ижодкорларнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, бу картина барчани қизиқтира олади. Шундай экан кузатишда давом этинг. Биздан асло йироқлашманг.