Зиёдадан Муборак Ҳайит айёмига муносиб туҳфа
Эстрадамизнинг энг ёрқин юлдузларидан бири, шўх ва замонавий қўшиқлари билан ёшларнинг қалбини забт этган, миллий тароналари билан ёши катта мухлислар юрагидан жой олган ёқимли овоз соҳибаси “Nihol” мукофоти совриндори Зиёдадан Муборак Ҳайит айёмига муносиб туҳфани қарши олинг.
Хонанда бугун “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали ўз мухлисларига ижодидаги энг гўзал таронасини тақдим этди. Ҳар доим янги қўшиқлар биринчи бўлиб янграйдиган премьера лойиҳасида хонанданинг янги “Дукур – Дукур” деб номланган қўшиғи тингловчилар эътиборига ҳавола этилди. Мазкур қўшиқни яратишда Зиёда ўзининг доимий ижодий ҳамкорларига мурожаат этган, яъни таронанинг сўзи ва мусиқаси Баҳодир Низомовга, аранжировкаси Умид Обидовга тегишли.
Радиотингловчиларнинг илиқ муносабатларига эришган янги қўшиқ, Зиёданинг ижодига бефарқ бўлмаган мухлиснинг севимли таронасига айланиши тайин. Сабаби, хонанда ҳар бир ижод намунаси яратилишида чин юракдан куйлайди. Ҳозирги кунда Зиёда иккита таронаси, яъни “Иккимиз” ҳамда “Яхши қол” композициялари учун видеоклип суратга олдириш ниятида. Аммо, қай бирига суратга олиш ишлари биринчи бошланиши ҳозирча номаълум. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз, айни дамда янги қўшиқни тинглаб баҳо беринг.