Гулсанам Мамазоитова энди умуман бошқа йўналишда ижод қиладими?
Миллий эстрада йўналишида ижод қилувчи Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова навбатдаги янги қўшиғини истеъдодли ижодкорлар Сарвар ва Комил билан ҳамкорликда яратди. Нега айнан бу ижодкорлар билан, деган савол туғилиши табиий, сабабини сўраганимизда маълум бўлдики, хонанда бу композицияни Сарвар ва Комилнинг таклифи билан куйлаган. Қайсидир тадбирда учрашганларида Сарвар ҳамда Комил Гулсанам Мамазоитовага ўз фикрларини билдириб, сўнгги яратган ижод намуналарини тинглаб кўриш таклифини билдиришган ва бир нечта қўшиқлар орасидан хонанда айнан шу таронани танлаб, ижро этган экан.
Бугун FM 101.0 радиотўлқини узра илк бора янграган мазкур тарона "Лейли" деб номланиб, у шўх ва замонавий ёшларбоп йўналишда ижро этилган. Мухлислар мутлақо кутмаган йўналишда тайёрланган қўшиқ уларнинг олқишларига сазовор бўлди. Буни студияга бўлган телефон қўнғироқларидан ва смс марказига келган хабарлардан билишимиз мумкин.
Маълум бўлишича, Гулсанам Мамазоитова: "Бир нечта композиторлар билан бирга ишлаб, улар яратган қўшиқни ўзимни ижро йўналишимга солиб куйлаганман, аммо бу сафар доимгидан фарқли, Сарвар ва Комилнинг айтганларига амал қилган ҳолда ижро этдим", деган экан. Бу билан хонанда ижодида ҳар хилликни синаб кўрган, шу билан бирга катта таваккалга қўл урган, десак муболаға бўлмайди. Марҳамат, замонавий йўналишдаги "Лейли" таронасини сайтимиз орқали тинглаб, ўз фикрларингизни билдиринг.