“Катта одам" фильмида саундтрек куйлаш учун хонандалардан кимни танлашди...
Бугунги кунда ўзбек киносанъати ривожланиб бораётгани сир эмас. Кино мухлислари ҳам бир-бирини такрорламас турли мавзулардаги фильмлар намойишидан сўнг маданий ҳордиқ ва ҳаётий сабоқ оладилар. Комедик кинокартиналар эса томошабинларга олам-олам завқ бағишлайди.Яқинда яна бир картинанинг тасвирга олиш ишлари якунланиб, катта экранларга чиқиш арафасида. Мазкур картина ҳам айтиб ўтганимиздек, киномухлисларга завқ бағишловчи комедия жанрида суратга олинган.
Ижодкорларнинг маълум қилишича, бу фильм ўзгача йўналишда бўлиб, Лобар Хайруллаева сценарийси асосида яратилмоқда. Лазиз Ашуралиев постановкачи режиссёр сифатида ишлаган кинокартинада Муҳаммадисо Абдулхаиров, Зуҳра Солиева, Ражаб Адашев, Ҳабибулло Суннатуллаев, Нигора Каримбоева, Анорахон Отажонова каби актёрлар иштирок этишган. Картина продюсери Иброҳим Нурмуҳаммедов бўлиб, хозирча фильмнинг сюжети ҳақидаги маълумотлар сир сақланмоқда.
“Катта одам” фильми учун ёш, аммо кўзга кўринган хонандалардан бири бўлмиш Зоирбек саундрек ижро этган. Куни кеча ана шу саундтрек видеосини тасвирга олиш ишлари бўлиб ўтди. Махсус декорациялар қурилиб, катта ижодий гуруҳ меҳнат қилган суратга олиш майдонида Сардор Аҳмедов режиссёрлик қилди. Эътиборингизга суратга олиш жараёнлари акс этган фоторепортажни ҳавола этмоқдамиз. Тез кунларда эса “Катта одам” фильми премьерасини ўтказиб юборманг.