Шаҳзода Европада ҳам машҳурликка эришмоқда
Бир неча йиллар аввал жаҳонга машҳур “Akcent” гуруҳи билан ҳамкорликда яратилган “All alone” таронаси хит даражасига кўтарилгани сир эмас. Бу қўшиқ нафақат юртимизда, балки Европа ва бошқа чет мамлакатларда ҳам шуҳрат қозонишга муваффақ бўлгани ўзбек шоу-бизнеси учун фахрдир.
Бухарестнинг “Mango records” компанияси ана шу таронанинг омадидан илҳомланган ҳолда мафтункор хонандамиз Шаҳзодага яна бир йирик лойиҳада иштирок этиш учун таклиф берди.
Мазкур компания Шаҳзоданинг ижодини Европада янада оммалаштириш мақсадида янги қўшиқ ёзиш таклифини билдирди.
Шу тариқа, Шаҳзода томонидан янги “Mon cheri” (“Мой дорогой”) дея номланган саунд яратилди. “Mango records” компанияси томонидан тақдим этилган бу қўшиқнинг муаллифлари ва продюсери “Akcent” гуруҳининг собиқ вакили Gruia Mihai ва Dorian Oswin ҳисобланади.
Қўшиқ икки тилда, яъни инглиз ва француз тилларида куйланган бўлиб, 25-март куни унинг халқаро премьераси бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, бу қўшиқ учун мамлакатимизнинг маҳоратли клипмейкерларидан ҳисобланган Тимур Примқулов томонидан видеоклип ҳам суратга олинган бўлиб, клип айнан 25-март санасида эксклюзив равишда тақдим этилади.
“Mon cheri” қўшиғини iTunes, Amazon, Google Music порталлари орқали юклаб олиш, видеоклипни эса YouTube орқали томоша қилиш ва юклаб олиш мумкин бўлади. Бу клип кўплаб мамлакатларнинг турли мусиқий каналлари орқали намойиш этилиши ҳам мўлжалланган.