Далер рақс борасида ўзини намойиш этди
Кўплаб мухлислар қалбидан жой олишга улгурган ва бугунги кунда катта шоу бизнес оламини ишонч билан забт этишга уринаётган ёш хонанда Далерни одатда клипларида жиддий образларда кўришга ўрганиб қолганмиз.
Бугун сайтимиз орқали тақдим этаётган премьера орқали Далернинг яна бир қиррасини очишингиз мумкин. "На қилай" номли қўшиқ "Ўзбегим Таронаси" радиоси орқали тақдим этилди. Шўх оҳангдаги бу қўшиқнинг премьераси учун радиога шахсан Далернинг ўзи ташриф буюрди.
Премьерадан аввал Далер қўшиқ яратилишида ўз ҳиссасини қўшган ижодкорлар билан таништириб ўтди. "На қилай" таронасининг ғоя муаллифи Шуҳрат Умаров бўлиб, у қўшиқнинг мусиқасини ҳам басталаган. Таронанинг сўзи Ирода Қурбонова қаламига мансуб. Далернинг доимий мусиқий ҳамкори Жасур Бадалбоев аранжировкасини бажарган.
Рақсбоп йўналишдаги қўшиқнинг илк тинговчилари ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди. Бундай ижобий баҳолардан мамнун бўлган Далернинг кайфияти янада кўтарилди. Параллель равишда сайтимиз орқали мазкур таронага ишланган видеоклипни ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз!
Тимур Примқулов томонидан тасвирга олинган клипда Далер раққослар билан биргаликда рақсга тушганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Трек йўналишидаги клипда ёш ижодкор 3 хил образда намоён бўлади. Клип ҳамда қўшиқ Далернинг мухлисларига маъқул келишига ишонамиз. Марҳамат томоша қилинг ва завқланинг!