Кино ижодкорларнинг байрам олди “Янги йил мўъжизаси” фильми
Янги йил арафасида кинопремьералар мавсуми қизғин давом этмоқда. Янги фильмлар томошабинларда табиийки янги фикр-мулоҳазалар уйғотади, қолаверса, кимларгадир тарбиявий жиҳатдан сабоқ бўлади ҳам. Бу эса киноижодкорларининг асосий мақсади ва меҳнати самараси, десак муболаға бўлмайди.
17 декабрь куни премьераси бўлиб ўтган “Янги йил мўъжизаси” картинаси айнан янги йил байрамидан олдин намойиш этилиши бежизга эмас. Юртдошларимизга байрамга муносиб туҳфа сифатида тақдим этилган янги фильм режиссёрлар Илвира Даукаева ҳамда Бобур Акбаров томонидан яратилган. Фильмда маҳоратли актёрлардан Умид Искандаров, Азиз Раметов, Саида Раметова, Жумадилла Раметов, Феруза Норматова, Шаҳзода Муҳаммедовалар иштрок этишган.
Фильм кутилмаган ҳолатлар ва ҳиссиётларга бой бўлиб, томошабинда келажакка умид ҳиссини уйғотади. “Бу фильм билан кимларнидир тарбияламоқчи эмасмиз, фақат томошабин “Янги йил мўъжизаси”ни томоша қилгач, ўзига керакли хулосани чиқарса, шунингдек янги йил байрами ҳақиқатдан ҳам мўъжизавий хотираларга бой бўлиши, у кириб келиши билан янги ҳаёт бошланишига ишонишса, биз олдимизга қўйган мақсадга етган бўламиз”,- дейди режиссёр Бобур Акбаров.
Асосий воқеалар кўп қаватли уйнинг томида бўлиб ўтади. У ерда фильмнинг бош қаҳрамонлари яъни бир бирига умуман тўғри келмайдиган, бошқа-бошқа дунёқарашли икки инсон тақдирнинг кутилмаган ҳазили билан янги йил кечаси учрашиб қолишади. Мадина севгидан ранжиб, тақдирнинг зарбаларига дош беролмай томнинг четига бориб қолганида, Бахтиёр уни тасодифан кўриб қолади ва бу нотўғри қарор эканини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Фильм давомида қаҳрамонлар ҳаётида содир бўлиб ўтган яхши-ёмон кунларини ёдга олишади, бу орқали эса инсонлар доим умид билан яшаши, ҳеч қачон тушункунликда тушмаслиги ва ёруғ кунлар келишига ишониши кўрсатиб берилади. Кинокартинанинг асосий мазмунини баён этишимиздан кўра уни томоша қилганингиз маъқул.
Мазкур фильм шаҳримиз кинотеатрларида намойиш этилмоқда, марҳамат томоша қилиб, мароқли ҳордиқ олинг.