“Баён” гуруҳининг аъзоларидан бири нега гуруҳни тарк этди?

Сана: 07.02.2014 6051

“Бебош”, “Сен кетма”, “Дарбадарман” каби бир неча йиллар аввал хит бўлган тароналар муаллифи “Баён” гуруҳи бироз танаффусдан сўнг, янги таркибда янги нафас билан янгича ижод қилишни бошламоқда. 

Гуруҳ таркибида ўзгариш рўй берди. “Баён”нинг собиқ аъзоси Ойбек бу гуруҳни тарк этиб, “Манго” гуруҳи таркибига қўшилди. Бу борада “Баён” гуруҳининг яна бир аъзоси Маъмур билан боғланганимизда, Ойбек билан ҳеч қандай муаммолар юзага келмаганлигини, шунчаки “Баён” бироз танаффус қилган вақтида “Манго” гуруҳидан таклиф тушганини ва шу тариқа, Ойбек бошқа гуруҳ аъзосига айланганини маълум қилди. Ойбек билан Маъмур ўртасида илиқ муносабатлар сақланиб қолган ва Маъмур собиқ шеригига омад тилашини билдириб ўтди. 

“Баён” гуруҳининг янги аъзоси ҳақида тўхталадиган бўлсак, Маъмур гуруҳда бирга ишлаш учун Абдуқодир Усмоновни таклиф этганини айтиб ўтди: 

-Абдуқодир билан биз Ўзбекистон Давлат санъат институтида бирга таҳсил олганмиз. Аввалдан у билан яқин бўлганимиз учун Абдуқодир билан ишлаш жуда осон кечмоқда. У истеъдодли ҳонанда бўлиш билан бирга шахс сифатида ҳам самимий, яхши инсон. Яқинда гуруҳимиз кетма-кет янги тароналарни тақдим этишга шай турибди. Шулардан бири “Хиёнат” номли сокин таронамиз тингловчилар эътиборига ҳавола этилди ва умид қиламизки, бу тарона барчанинг дилидан жой олади. 

“Баён” гуруҳидан яна бир янгилик! Гуруҳ аъзолари шўх таронани тайёр ҳолга келтиришди. “Ёр қадаминг” дея ном олган тарона яқин кунларда “Ўзбегим Таронаси” радиосида ҳамда www.popcorn.uz сайтимизда премьера қилиниши кутилмоқда. Мазкур таронага клип ҳам суратга олиниши режалаштирилган. Ҳозирда айнан ушбу клип юзасидан ижодкорлар елиб-югуришмоқда. Маълумотларга қараганда, клипда бош рольни Севара Солиева ижро этиши мумкин. Маъмур ва Севара Солиева жуфтлиги нафақат ҳаётда, балки экранда ҳам барчанинг ҳавасини келтиради. 

Маъмур билан суҳбатлашиб, унинг самимий инсон эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Ундаги санъат ва ижодга бўлган иштиёқ ўз самарасини беришига умид қиламиз. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol