Лолани ўзгача тарафдан кашф этишга оз қолди...

Сана: 10.01.2014 7641 қайноқ

"Тарона Рекордс" ва "Тарона Концерт" томонидан ташкил этилаётган концерт дастури олдидан мазкур конференцияга газета ва журналлар, шунингдек, 

радиостанциялар ҳамда интернет нашрлар журналистлари таклиф этилди. Конференцияни эса ҳонанданинг администратори Лола Игамбердиева, хореограф Наримон Григорян, режиссёр "Кинопром" кинокомпаниясининг директори Андрей Африн ва албатта, латофатли Лола олиб борди. 

Дастлаб режиссёр Андрей Африн концерт ҳақида қисқача маълумот берди. Маълум бўлишича, концерт 4 та блокдан иборат бўлади ва ҳар бир блок орасидаги ижодий танаффус вақтида мухлислар Лолани умуман ўзгача қиёфада  кўришлари мумкин. Бундай кўринишда Лолани ҳали ҲЕЧ КИМ КЎРМАГАНлиги алоҳида таъкидланди. Концерт Лоланинг ички дунёсини акс эттириши ваъда қилинди. Лола мухлислар ва ҳонанда ўртасидаги пардани яқинлаштиришни мақсад қилган. Савол-жавоблар вақтида концерт ҳақидаги бир қатор масалаларга аниқлик киритилди. 

Анжуман бошида берилган “Чет элдан меҳмон ташриф буюриши ростми?” деган саволга Лола алоҳида тўхталиб, бу борадаги турли гап-сўзларга нуқта қўйишини маълум қилди. Демак, чет элдан меҳмонлар таклиф этилган. Булар хореографлар Наримон Григорян ва Низам Каримов бўлиб, ҳар иккаласи ҳам чет элдан махсус таклиф этилган. Наримон Григорян ўзининг рақс жамоаси бўлиб, жаҳон рақслари борасида профессионал ҳисобланади. Низам Каримов эса Россиянинг машҳур “Тодес” рақс санъатини ўргатиш бўйича рақс жамоасининг аъзосидир. Наримон Григорянга сўз берилганида, у Лоланинг концерти учун ўзи қизиқиш билдирган ҳолда жон дилдан рози бўлганлигини айтиб ўтди.

Лоланинг ўзи ҳам ёшлик йилларида “Тодес” рақс жамоасида шуғулланган бўлиб, хореография бўйича бу икки мутахассис шоу концерт учун махсус таклиф этилган. Демак, концерт ўзгача рақсларга ва қизиқарли, кутилмаган саҳна кўринишларига бой бўлиши аниқдир. Айнан улар концертнинг энг асосий меҳмонлари ҳисобланади. 

 

Мутахассис ҳар куни 6-7 соатдан репетиция жараёнлари олиб борилаётганлигини, рақс борасида айнан Лолани ўзи ҳам профессионал эканлигини ва хатто баъзи раққослар ҳам унга ҳавас қилишларини маълум қилди. Бу Лола томонидан хазил сифатида тан олинган бўлса ҳам, аслида айтиш керакки, Лола ҳақиққаттан ҳам рақс борасида ўзбек эстрадасида етакчи ўринда туришини мухлислар тан олишган. 

 

Йиғилган журналистлар режиссёр Андрей Африннинг концерт бутунлай ўзгача бўлишини эшитганларидан сўнг, қизиқиш янада ортди. Замонавий қиёфада кўришга ўрганиб қолганмиз, дея гап бошлаган навбатдаги журналист Лола томонидан концертда миллий рақслар ҳам ижро этилиши борасида савол берди. Лоланинг айтишича, миллий рақс концертнинг асосий ўрнини эгаллайди. Айнан бир блокнинг ўзи миллий йўналишга бағишланган бўлиб, аслида миллий рақсларни ва қўшиқларни Лоланинг ўзи ҳам чин дилдан ижро этишини маълум қилди. Лола миллийликни қадрлаши унинг гап-сўзларидан аён бўлди. Биласизки, хоразмликлар рақс шинавандаси ҳисобланади. Лолада ҳам Хоразм қони бор. Балки концертда Лола ижросида “Хоразм Лазги”си гувоҳига айланармиз?! Бу блок қизиқарли ва кутилмаган, айниқса, томошабинлар учун ёқимли бўлишига умид қилинмоқда. 

 

Лола: 

- Концертда ижро этиладиган қўшиқлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, шоуда умумий ҳисобда 24 та қўшиқ ижро этилса, улардан 13 таси ҳали ҳеч ким эшитмаган янги тароналар бўлади. Жонли ижро ҳам бўлиши бу йил бироз мушкул кечса-да, лекин лирик блокда жонли ижрода қўшиқлар куйлаш имконини яратишга ҳаракат қиламиз. 

Лола анжуман вақтида декорация ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Бу йил нақд 218 метрлик экран жойлаштирилиши маълум бўлди. 4 та блок ҳар бири бутунлай ўзгача бўлади, улар ҳар бири йўналиш, образ, кўриниш борасида бир-биридан фарқ қилади. Улар драматик, лирик, фалсафий мавзуларга оид бўлиши мумкин. Режиссёр бу йил томошабин бир дақиқа ҳам зерикишга улгурмай қолишига ваъда қилди. 

 

Лола ўз навбатида максимал даражада мухлисларга яқин бўлишни ният қилганлигини таъкидлади:

-Ташриф буюрган ҳар бир томошабин кўз ўнгида нафақат ҳонанда ёки актриса, балки инсон сифатида ҳам намоён бўлишни истайман. Ички дунёим, ҳаётий кечинмаларим ва мухлислар ўртасидаги масофа яқинлашади. Сабаби, шахсий ҳаётим, кечинмаларим борасида кўплаб саволлар бўлган. Ўйлайманки, концертга ташриф буюрган ва ҳар бир чиқишни ҳис қила олган инсон ўзи учун баъзи саволларга жавоб олади.  Бу маъжозий маънода “диллар суҳбати” бўлиши ҳам мумкин. Кўплаб сирларга ойдинлик киритилади. 

“2013-йил Лола учун қандай кечди? Ўтган йилда Лола ўзи истаган мақсадларга эриша олдими?” деган саволга Лола қуйидагича жавоб берди:

-Умуман олганда, мен ҳаётимдан ҳеч қачон нолимайман ва ҳар бир берилган кун учун, яқинларим, болаларим соғ-саломат бўлганлиги учун доим миннатдор бўламан. Ўтган йил мен учун кўплаб воқеаларга бой бўлди. 2013-йил мен ва оилам учун саёҳатларга тўла йил бўлди. Биз икки нафар кичик фарзандим ва оилам билан кўплаб давлатларда бўлдик. Ижодий тарафлама эса, биз янги альбом яратдик. янги қўшиқлар борасида тўхталадиган бўлсам, доим тингловчилар ва томошабинларга янгилик тақдим этгинг келади, бироқ бу жараённинг мушкулликлари талайгина. Ҳар бир қўшиқ мен учун боладек. Уни яратиш учун бутун вужудимни дилимни бағишлайман. Мен ижро этадиган қўшиқларимни қайсидир жиҳатдан шахсий “автобиографик қўшиқлар” деса ҳам бўлади. Ички кечинмаларимни қўшиқларим орқали сезиш ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам, клип суратга олиш жараёнида асосан бош рольни ўзим ижро этаман. Сабаби, мени қалбимдан ўтган кечинмаларни бошқа одам ҳис қилиши мушкул ва буни томошабинларга етказиб бериш ҳам мураккаб жараёндир. Аслида 2013-йил охирларида ўтказилиши керак бўлган концертимиз мана янги 2014-йилга белгиланди. Биз эса буни узоқ кутгандик ва шунга яраша тайёргарлик олиб бормоқдамиз. 

Биз Лолани актриса сифатида ҳам яхши биламиз. Лола киноларда ҳам роль ижро этиш режалаштирадими деган савол берилганида, ҳонанда унинг дилидан жой оладиган, ўзи истаган сценарий таклиф этилмаганини, агар ўз сценарийсини топа олса албатта яна бир бор кинода роль ижро этишга тайёр эканлигини айтди. Ижро этган энг севимли ролларидан бири эса унинг дебют “Севинч” фильмидаги Севинч образи эканлигини маълум қилди. 

 

Лолага унинг учун саҳна қулайми ёки суратга олиш майдоними деган савол билан мурожаат этилганида, унинг учун саҳна қулай эканлигини айтди. “Сабаби роль ижро этиш ва шу образга кириш ҳам ёки ундан чиқиш ҳам мураккаб жараён”,- дейди Лола. 

-Кинодаги роль ижро этиш вақтида мен бутунлай қалбан ўша кино қаҳрамонига айланаман. Қаҳрамоним кечирган ҳис-туйғулар мени ҳам қуршаб олади. Бу эса баъзан мени руҳий жиҳатдан чарчатади. Саҳнада қўшиқ ижро этиш эса мен учун ёқимли. Чунки саҳнада мен эркин ҳаракат қиламан, ўзим учун қувват оламан. 

 

Лола Концерт борасида яна бир сирни ошкор этди. Дастурда бу йил нафақат ўзбек тилида, балки инглиз тилида ҳам қўшиқ ижро этилади. Лола хорижда ҳам таълим олганини ҳисобга олсак, чет тилидаги қўшиқ ҳам хит даражасига кўтарилишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Шунингдек, концертнинг айнан ёшларбоп блоки ҳам бўлиши, бу эса уларни бефарқ қолдирмаслиги маълум бўлди.  

Лола:

-Мен концертимга ташриф буюрган ҳар бир инсон чин дилдан дам олиб кетишини, 1,5 соатгагина бўлса ҳам барча муаммолари-ю ташвишларини унутиб, маданий ҳордиқ чиқаришини хоҳлайман. Мен саҳнада қўшиқ куйлашдан шунчалик роҳатланаман, қувват оламанки, келган меҳмонлардан ана шундай жавоб бўлишини истардим. Томошабинлар ўтирмасдан бемалол рақсга тушишларини, уялмасдан кечинмаларини ифодалаб беришларини кўришни истаган бўлардим. Биз эса ижодий жамоа билан албатта, бир йил давомида кутган ва тайёрлаган меҳнатимизни намойиш этишга тайёрмиз. Бу концерт дастури мен учун жуда қадрли эканлиги айтишим зарур. Қўшиқлар борасида эса мен турли ижодкорлар билан ишлашни маъқул кўраман. Сабаби мен бир ҳилликни ёқтирмайман. Ташқи кўринишим, қўшиқлар ва клиплар борасида турли йўналишларни синаб кўришдан қўрқмайман. Ҳар ҳил ижодкордан ҳар ҳил фикрлар чиқади. Бугунги кунда ижодкорлар Сарвар ва Комил, Жасур Абдураҳмонов, Жасур Бадалбоев, Равиль, Роберт ва бошқа бир қатор ижодкорлар билан бирга иш олиб бораман. Умуман олганда, қўшиқ яратилаётган вақтда мен шахсан ўзим ҳам ҳиссамни қўшаман. Масалан, мавзуни танлайман, баъзи сўзларни тавсия этаман ва хатто баъзан айрим ноталарни ҳам яратишда бевосита ўзим иштирок этаман. 

Концерт Лола томонидан яратилган янги “Кел” деб номланган альбом тақдимоти сифатида ҳам талқин этилади. Айнан концертнинг биринчи кудиноқ “Истиқлол” санъат саройининг фоесидан “Кел” альбоми дискини сотиб олишингиз мумкин бўлади. Дискда концертда ижро этиладиган барча қўшиқлар жой олади. 

Навбатдаги савол орқали Лола учун оиласи ва болалари асосий бойлиги, бутун ҳаётининг мазмуни эканлигини билиш қийин эмас эди. Анжуман вақтида Лола биринчи марта саҳнага чиққанини ёдга олди ва йиғилганлар учун бу КУТИЛМАГАН ХАБАР бўлди. 

 


-Биринчи марта 10 ёшимда саҳнага чиққаним эсимда. Ўша вақтда “Алпомиш” саройида “Болалар Шоу” концерт дастури бўларди. Ана шу дастурда мен “Томчилар” қўшиғини ижро этишим керак эди. Бу воқеа худди кечагидай эсимда, ўша вақтдаги ҳаяжон, юрак уришини сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўша вақтда менга Руслан Шарипов менга устозлик қилганди. Шунчалик қўрққанимдан саҳна кўзимга жудаям улкан кўринган ва мен худди митти қизчадек ўзимни тасаввур қилганман. Саҳна ёнида эса камера крани бўлиб, айнан менинг навбатим келган вақтда камерани ҳаракатлантиришган ва камеранинг крани бошимга урилганди. Аламдан кўзимдан ёш чиқиб кетган, лекин мени эълон қилишган. Онам саҳнага чиқ дейишлари билан шок ҳолатда саҳнага чиқиб кетганман. Юзимда эса кўз ёш томчилари. Бу кўрининш ижро этган “Томчилар” қўшиғимга мос бўлиб кетган. Руслан Шарипов ҳам ўшанда илҳомланиб, “Вой қандай истеъдодли қиз. Айнан менинг кечинмамни ҳис қила олибди. Кўзидаги ёшни қаранг, эҳтирос билан куйламоқда” дея мақтаган. (кулади) бу чиқишни мен ҳеч қачон унутмайман. 

 

Болалари ҳақида маълумот сўралганида, Лола илҳомланиб гапирди. Айни вақтда қизи Шаҳинабегим 6 ёшда, Шоҳдиёр эса 4 ёшда бўлиб, улар ўз оналарининг касбини тушунишини ва ғурурланишларини маълум қилди. Хабарингиз бор, яқинда Лола қизи билан “Долче Фреш” шарбати рекламасида иштирок этишганди. Бироқ ҳонанданинг айтишича, ҳозирча болалари, айниқса қизи қўшиқ куйлашга қизиқиши йўқлигини билдирди. Шаҳинабегим айни вақтда йога ва карате билан шуғулланса, Шоҳдиёр сузиш ва карате билан шуғулланади. 

Концерт дастури учун машҳур ва маҳоратли дизайнерлар Хуршида Шер ва Зулфия Султон жалб этилган. Улар нафақат Лоланинг костюмлари устида, балки раққосларнинг саҳна либослари устида ҳам иш олиб боришмоқда. 

Анжуман сўнгги сифатида Лола қуйидагиларни эътироф этди:

-Албатта хозир барча дастур режаларни маълум қилиш балки нокамтарлик туюлар, лекин дастур ҳақиққаттан ҳам қизиқарли. Асосий баҳони томошабин беради. Концерт дастурига тайёргарлик вақтида ҳар сафар янги ғоялар юзага келмоқда. Биз имкон даражасида барчасиниамалга оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. Меҳнатимиз самарасини концертда кўришингиз мумкин. 

Узоғи билан 2 соатга мўлжалланган концерт дастури давомида кутилмаган ва қизиқарли чиқишларга гувоҳи бўлишимизни аниқ билдик. Конференция якунида режиссёр Андрей Африн концертнинг яна бир СИРини ошкор этишга журъат этди. Унинг маълумотига кўра, Лола концерт дастури аввалида САМОЛЁТда саҳнага кириб келар экан. Қизиқ... бундай шоуни биз интизорлик билан кутмоқдамиз!

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol