“Ўзбегим Таронаси” радиосида узоқ кутилган дуэт премьераси ўтказилди
Шаҳзода ва Жасур Ғоипов томонидан куйланган дуэт премьераси ҳақидаги анонслар ижтимоий тармоқлар орқали катта шов-шувларга сабаб бўлди.
“Super Lady” ёхуд “Бари гал” номини олган тарона илк марта ФМ 101 тўлқини узра жаранг сочди. Шаҳзода ҳамда Жасур Ғоиповнинг минглаб мухлислари интиқлик билан кутган ижод намунаси уларнинг кутганларидан ҳам зиёда эканлигини премьерадан сўнг қабул қилинган фикрлар орқали билиб олиш мумкин эди.
Рақсбоп йўналишдаги таронанинг илк оҳангларининг ўзиёқ қўшиқнинг бошқа ижод намуналаридан тўла фарқ қилишини билдириб туради. Бу дуэт Шаҳзода ҳамда Жасур Ғоипов ижодида яна бир янгилик бўлди, десак адашмаймиз.
Таронанинг сермазмун матн ва мусиқа уйғунлиги остидаги ижро эса доимгидек аъло баҳога лойиқ деб топилди. Чунки ҳар иккала хонанда ҳам профессионал даражадаги ижодкорлар эканлиги сир эмас.
Куни кеча мазкур дуэт учун видеоклип ҳам суратга олинганлиги ҳақида хабар бергандик. Ўзига хос трек йўналишида суратга олинган клип оператори Ёдгор Носиров бўлса, Жамшид Хожиниёзов режиссёрлик вазифасини бажарди. Тез кунда бу видеоклипнинг премьерасини ҳам сайтимиз орқали қарши оласиз!