Сардор Мамадалиев тез кунда янги қўшиғини тақдим қилади
Хонанда Сардор Мамадалиевнинг кўплаб қўшиқларида ижтимоий муаммолар, мамлакат ҳаётида рўй бераётган воқеалар ҳақида сўз боради. Унинг навбатдаги қўшиғи фитналарга ишониб, ўз юртини тарк этган, унга қурол ўқталганларга аталган. Сардор Мамадалиев шу кунларда “Ватанга қайт” номли қўшиқ устида иш олиб бормоқда. Мазкур қўшиққа махсус шеърни шоир Амир Худойберди ёзди. Мусиқа эса хонанданинг ўзи тарафидан басталанди.
Тўй мавсуми бўлишига қарамай хонанда шўх қўшиқлар эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга, жиддий мавзуларга қўл уришни мақсад қилганининг яна бир сабаби бор. Ушбу қўшиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси билан тайёрланмоқда. Хонанданинг ўзи қўшиқ ҳақида шундай дейди. “Ўзбекистон – Оллоҳ назари тушган юрт! Азал-азалдан ўзининг мард ва жасур ўғлонлари, оламга донғи кетган алломалари билан машҳур ва манзур диёр. Бугунги кунда мамлакатимизда жуда катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Қатор қўшни давлатлар билан дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб, халқимиз учун шароитлар яхшиланмоқда. Бунга биз фақат тилда эмас, реал ҳаётда гувоҳ бўляпмиз.
Бошқа томондан айрим ватандошларимизнинг тартибсизлик ва уруш ўчоғи бўлиб турган давлатларда сиёсий ўйин исканжасида қолиб кетаётгани аянчли, албатта.
Қанчадан-қанча оилалар нохуш ҳолатларни деб хотиржамлигини йўқотиб, ота-оналар фарзанд доғида қолмоқда, бегуноҳ болалар эса ота меҳрига тўймасдан ўсмоқда. Бу ҳолат юртимиз келажагига таъсир қилмай қолмайди.
Ўтган вақт давомида эса Юртбошимиз минглаб адашганларни афв этди, уларнинг тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтишига имкон берди. Улар иш билан таъминланмоқда. Жамиятдаги мавқеи тикланмоқда. Шундай экан, ўз юртига қайтиб, унинг ривожига ҳисса қўшишни олий мақсад қилиш – бу бурч ва инсонийликдан далолатдир. Мен ҳам бунга ўз ҳиссамни қўшишни, мақсад қилиб, янги қўшиққа қўл урдим. “Ватанга қайт” – Тез кунда!” Сардор Мамадалиев ижросидаги “Ватанга қайт” номли ушбу қўшиқни тез орада тинглашингиз мумкин.