Ҳаётий воқеаларни акс эттирган видеоклипдан фоторепортаж "Онамни йиғлатманглар"... тез кунда..
Истеъдодли хонанда Отабек Муталҳўжаевнинг ноанъанавий мавзуда яралган "Онамни йиғлатманглар" номли қўшиғи "Ўзбегим таронаси" радиоси орқали премьера этилиши биланоқ ўз тингловчиларини топиб улгурганди.Мазкур таронадаги сатрлар фарзанднинг онасига бўлган меҳрини ифодалаб бугунги кунда тарбиявий аҳамияти билан актуал мавзу ҳисобланади, дейишимиз мумкин.
Куни кеча бу тарона учун ажойиб сюжетни ўз ичига олган клипнинг суратга олиш ишлари якунланди. Отабекнинг доимий ҳамкорларидан бири клипмейкер Шуҳрат Мавлонов ўз истаги билан клипга режиссёрлик қилиш ниятида эканини билдириб, кинорежиссёр Дурдона Тўлаганова билан бирга сценарий яратишди.
Ҳаётий воқеаларни акс эттирган видеоклип сюжетида йигитнинг болалигидан то улғайган давригача бўлган вақт орасидаги ҳаёт синовлари, она ва фарзанд ўртасидаги соғинч ва ҳижрон, меҳр ва муҳаббати намоён этилади.
Феруза Нодирова:
- Клипда она ролини ижро этиш учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовани таклиф этдик. Чунки, бу актриса кучли драмматик қобилият эгаси. Онанинг ёшлик даврини эса Шодиёра исмли ёш актриса ижро этди. Тўрт кун давом этган тасвирга олиш жараёнида умумий ҳисобда ўнга яқин актёрлар иштрок этишди. Энг аҳамиятли жиҳати, клипнинг финал саҳнасида Саида опа ва Отабекнинг кўз ёшлари соҳта эмасди. Юракдан ижро этишгани учун ҳам ҳақиқий кўз ёшлари қалқиб келаверди.
Ибратли мавзудаги, қалбдан ижро этилган тарона ва таъсирли кадрларга бой видеоклип Отабек Муталҳўжаевнинг ижодида алоҳида ўрин эгалласа ажаб эмас. Мазкур клипни тез кунларда сайтимиз орқали томоша қиласиз.