Алишер Навоий номли кино саройи санъат олами вакиллари ва кино ихлосмандларини яна ўз бағрига чорлади
Актёр, режиссёр Жавлон Шожмоновнинг “Яна бошланди” фильми премьерасида таниқли актёр ва актрисалар, хонанда ва кино ижодкорларини учратиш мумкин эди. Кўп шов-шувларга сабаб бўлган кинофильм томошабинларда янада қизиқиш уйғотар, барчанинг нигоҳи эса саҳнада эди.
Премьерани таниқли актёр Адиз Ражабов олиб борди. Аввалига фильм тақдимотига меҳмон сифатида ташриф буюрган эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Манзура ўз қўшиқлари билан йиғилганларни ҳушнуд этди.
Томошабинлар кўтаринки кайфиятда зўр қизиқиш билан фильм ижодкорларини кутиб олишди. Фильм режиссёри Жавлон Шодмонов ўз комедияларида кундалик сўзлашувдаги жумлалардан моҳирона фойдаланган, дейишимиз мумкин. Оддий бўлиб туюлган сўзлардан юморга бой диалоглар тузиб, халққа яқин комедик фильмлар яратиш борасида ижодкор илгарилаб бормоқда десак муболаға бўлмайди.
Фильмда актёрлар ансамбли яхши танланганлиги алоҳида аҳамиятга лойиқ. Жумадилла Раметов, Вазира Юнусова, Хосият Хусанова, Гулчеҳра Носирова, Шуҳрат Нуралиев, Шукрулло Исроилов ва албатта Муҳаммадисо Абдулҳаиров каби таниқли ва эл севган актёрлар жамоаси фильм янада қизиқарли чиқишига сабаб бўлган. Ғайритабиий воқеаларга бой соат ҳақидаги комедиянинг энг асосий қаҳрамонини ижро этган Муҳаммадисо Абдулҳаировнинг маҳоратига қоил қолмай иложи йўқ.
Бачканаликдан йироқ юморга бой комедияни томоша қилиб мароқли ҳордиқ олишингизга ишончимиз комил.