“ЁМҒИР ОСТИДА...”: Фильм премьераси ИШОНЧ ВА ИШОНЧСИЗЛИК ОРАСИ БИР ҚАДАМ...
Кеча ўзбек кино мухлислари учун “Shayxоntоhur film” студияси ижодкорлари томонидан суратга олинган “Ёмғир остида...” дея номланган, мелодрамма жанрида суратга олинган янги фильмнинг премьераси бўлиб ўтди. Тақдим этилиши интизорлик билан кутилаётган ушбу картина томошабинлар учун муносиб туҳфа бўлганига ишончимиз комил.
Асосий мавзуси ишонч бўлган фильм сценарийси Аҳрор Зуфаров ва Анвар Исмоилов томонидан ёзилган. Картина воқеалари бош қаҳрамон қизнинг ҳаёти, ўй-хаёллари ва ички кечинмаларидан ҳикоя қилади.
Шахсий ҳаётида рўй берган воқеа туфайли руҳий зарба олган қизнинг характери бевосита унинг ҳаётига таъсир қилади. Шу билан бирга қаҳрамон қиз ҳаётида ўзи каби руҳиятга эга киши пайдо бўлиши фильмнинг асосий кульминациясига айланади. Сўнгра воқеалар қандай тус олади? Буни фильмни томоша қилсангиз билиб олишингиз мумкин.
Фильмда бош ролларни бугунги кунда кўплаб кинолар ва видеоклипларда ўз маҳорати билан мақтовларга сазовор бўлаётган ёш актриса Юлдуз Ражабова, Дониёр Ҳафизов, Лола Элтоева, Фатхулла Маъсудов, Нигора Каримбоева ижро этишган. Шунингдек, фильмда Тальат Юлдашев, Бибинур Муҳаммадиева, Бахтиёр Қосимовлар ижросига ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Жаҳонгир Ибрагимов операторлиги остида тасвирга олинган фильмнинг режиссёри Қудратилла Дадажонов.