Озодбек Назарбековга “Туркманистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилди
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланди. Унвонни Туркманистон Олий Мажлиси раиси Гулшат Маммедова топширди. “Ўзбек халқининг ижодкор бир фарзанди бундай эътирофга муносиб кўрилиши икки қардош давлатнинг дўстона муносабати, икки миллат ўртасида инсонпарварлик ва бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, ўзаро муҳаббат ва эътиборнинг юксак кўриниши десак, асло муболаға бўлмайди. Камтарона ижодимизни юксак баҳолаб, тақдим этилган мазкур унвонни нафақат менга, балки бутун ўзбек халқига ҳамда санъатига бўлган Туркманистон Президентининг, халқининг меҳри ва ҳурмати деб қабул қиламан. Шу билан бирга, туркман халқининг эътиборига тушганимдан, яна бир қадрдон маконда миллионлаб мухлислар орттирганимдан бениҳоя хурсандман.”- дейди Озодбек назарбеков ушбу қувончли хабарни бўлишар экан. Ўзбек халқининг севимли санъаткорини яна бир унвон билан табриклаймиз.