Улуғбек Раҳматуллаев янги клип суратга олишни бошлади
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, мухлисларини қувонтиришдан чарчамайдиган хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг иккита таронаси тайёр бўлди.
Улардан бирига аллақачон видеоклип тасвирга олиш ишларини хонанда ижодий жамоаси билан бирга бошлаб юборди. Бу ҳақида хонанданинг ўзи шундай дейди:
Янги ижод намунамиз “Сени дея” деб номланади. Услубли қўшиқ. Ўзимни йўналишимга яқин десам ҳам бўлади. Бастакор Озарбайжонлик ҳамкасбим серқирра ижодкор Рубаил Азимов. Бу қўшиқни Озарбайжон тилида тақдим қилган эдик. Бу сафар ўзбек тилида куйлашга қарор қилдик. Сўзларини Хушнуд Дарвеш Ўзбек тилига ўгириб ёзиб берди. Дилмурод Агзамов билан ҳамкорликда видеоклип суратга олиняпти. Оператор Рустам Муродов. Клип ғояси ўзимга тегишли. Унда бош ролларни Йигитали Мамажонов ва Муқаддас Саъдуллаева ижро қилишмоқда. Видео асар сюжетли бўлиб, тарбиявий аҳамияти юқори бўлган, хулоса чиқаришга ундайдиган, ибратли, бугунги замон муаммолари билан ҳам боғлиқ бўлган ижод маҳсули десам муболаға бўлмайди. Съёмка жараёнлари икки кун давом этади. Сизларга ёқади деб умид қиламиз.
Тинглаганингиздек, Улуғбек Раҳматуллаев ажойиб ижод маҳсулини халқимиз учун ҳозирламоқда. Ушбу тарона ва клип премьерасини яқин кунларда кутамиз. Хонандага эса куч-қувват тилаган ҳолда янгиликларимизни якунлаймиз.