Сардор Раҳимхон Наманган бўйлаб гастроль сафарда
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхоннинг Наманган вилояти бўйлаб олти кунлик гастроль сафари қандай ўтмоқда? Тафсилотлар билан қизиқдик.
Наманган вилояти бўйлаб катта турне доирасида олти кунлик концерт дастурларини намойиш этаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон кеча Тўрақўрғон тумани марказий стадионида беш мингга яқин томшабин учун концерт тақдим этган бўлса, бугун Косонсой, эртага эса Янгиқўрғон туманида ўз мухлислари билан юзлашади.
- Мени қувонтирадиган жиҳати концертимга нафақат ёшлар, балки катта ёшли мухлслар ҳам ташриф буюришгани. Стадионга йиғилган мухлисларнинг айнан 80% ни ёши катталар ташкил этмоқда. Аксарият сўралаётган қўшиқлар ва қайта-қайта ижро этишимни илтимос қилишаётгани "Дўст" ҳамда "Маликам энди қара" қўшиқларимдир. Яна бир жиҳати барчага таниш қўшиқларимдан ташқари ҳали ҳеч қаерда эфирга қўйилмаган тароналаримни ҳам сўрашаётгани ҳайрон қолдирди.
"Кўргани келдик" деб номланган таронамни фақатгина яккахон концерт дастуримда куйлаган эдим. "Дўстга зор, душманга хор, номардга муҳтож қилмасин" айни мана шу сатрлар ўша қўшиғимдан олинган. Мени ҳайратга солган томони мана шу қўшиғимга бутун стадион менга жўр бўлди. Айниқса, онахонларнинг юракдан айтаётган ниятлари, дуолари мен учун совға бўлди. Калбимдаги қувончни сўз билан таъриф этолмайман. Мен учун энг муҳими шу экан.
Бугунги аншлаг концертда шогирдим Аброр Азизов ҳам иштирок этиб нафақат мени балки томошабинларни ҳам қувонтирди.
Сардор Раҳимхоннинг Наманган вилояти бўйлаб олти кунлик ижодий сафари омадли якун топишига тилакдошмиз. Бугун эса Косонсойда бўлиб ўтган тадбирдан фотолавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.