Сардор Раҳимхон билан концерт олдидан учрашув.
Бугун “Ўзбегим таронаси” радиосининг “Учрашув” дастурига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ташриф буюрди.
Тез кунларда хонанданинг “Танҳогинам” номли концерт дастури бўлиб ўтади, шу боис бизни ва тингловчиларни қизиқтирган саволлар жуда кўп эди. Сардор Раҳимхон барча саволларга бажонидил жавоб бериб, концертида кутилаётган туҳфаларни айтиб ўтди. Совғалардан эса концертга ташриф буюрибгина баҳраманд бўлишимиз мумкин эканини маълум қилди. Концертда 22 тарона ижро этилади, кўркам рақс томошалари кўнгиллларни яйратади, яна кутилмаган туҳфалар эътиборингизга ҳавола этилади.
Ижодкор сўнгги марта 2009 йилда яккахон концертини муҳлисларига тақдим этган эди. Узоқ танаффуснинг сабабини шахсий муаммолари бўлганлиги билан изоҳлади. Шунингдек, ҳозирги пайтда ўзгарганини, ҳаётдан катта сабоқ олганини ва мана шу ўзгаришларни янги қўшиқларда ҳис этиш мумкинлигини билдирди.
Тўғриси, Сардорни юзидан нур ёғилиб турадиган, ажойиб инсон деб биламан, худди шундайлигича қолган, қўшимча қувноқ йигитга айланган. Унинг гап сўзлари, ҳазилкашлиги, шодон хатти ҳаракатлари, бари фикримизга далилдир.
Хонанда, тўғридан тўғри эфирга қўнғироқ қилган тингловчилар илтимосларига биноан янги қўшиқларидан бирини жонли равишда ижро этиб берди.
Ҳар бир тингловчининг саволини диққат билан тинглаб, тўлиқ, батафсил жавоб беришга ҳаракат қилди.
Сардор анча йиллар аввал радиобошловчи бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Бошловчиликни соғинган хонанда “Ўзбегим таронаси” радиосида бошловчилик вазифасини ўтаб, қўнғироқларни ўзи қабул этиб, ўзи саволларга жавоб бераверди.
Қизғин суҳбат давомида ижодкор икки қиз фарзанди ҳамда барча яқинларини, оиласини жуда қадрлашини айтиб ўтди. Биз унинг ниятлари, англаб етган ҳақиқатларидан хабардор бўлдик. Сардор Раҳимхонни чин дунёсини англаб етиш учун, унинг қўшиқларига дил очиш керак эканини тушунган ҳолда концертига боришни ният қилдик. Мазкур концерт барча томошабинларга завқу шавқ, аъло кайфият улашиши шубҳасиз!