Улуғбек Раҳматуллаев ижодида янгиликлар бисёр
Ватанни шарафлаш, Ватан қадр-қимматини сақлаш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Туғилиб ўсган она диёримиз барчамиз учун азиз.
Буни яхши англаган хонандаларимиз Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар яратиб, фахр-ифтихор туйғусини изҳор этадилар.
Жумладан, Улуғбек Раҳматуллаев ҳам шунча йиллик ижоди давомида Ватан ҳақидаги илк қўшиғини ёзиб, мухлисларга тақдим этди.
“Ватанни севмоқ иймондандур” дея номланган тарона аслида Улуғбек Раҳматуллаевнинг қалб қўрида сақлаб келаётган Она диёрга бўлган муҳаббатни, фахрни, соғинчни ифодалайди.
Кўп йиллардан буён дилида сақлаб келган ижод намунасини яратишга тақдирнинг ўзи йўл очиб берди дейиш мумкин. Сабаби хонанданинг айтишича, мазкур қўшиқ сўзининг муаллифини кимлигини билмайди.
Маълум бўлишича, бир куни хонанданинг автомобили устига конверт ташлаб кетилган. Буни кўрган хонанда албатта ҳайрон бўлиб, конвертни очган. Қарасаки, конверт ичида мазкур қўшиқнинг матни, яъни шеър битилган қоғоз бўлган.
Шеърнинг мазмуни Улуғбек Раҳматуллаевга маъқул келиб, қўшиқ қилиб куйлашга қарор қилган. Таронанинг мусиқасини Алишер Таир басталаган. Аранжировка эса Рустам Тўлашев томонидан тайёрланган.
Хонанданинг шахсан ўзи “Ўзбегим таронаси” радиосига, яъни “Премьера” лойиҳасига ташриф буюрди. Бошловчи Дилмурод Ғуломов билан ўтказилган қисқа суҳбат давомида Улуғбек Раҳматуллаев ижодидаги энг сўнгги янгиликлар билан бўлишди. Бу янгиликлар Улуғбек Раҳматуллаев мухлисларини хушнуд этиши турган гап.
Турли гап-сўзлар ва миш-мишларга ҳам ойдинлик киритилди. Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев олтин куз фаслида мухлислари учун 3 кунлик концерт дастурини тақдим этишини маълум қилди. Концерт октябрь ойига мўлжалланган.
Шунингдек, бу йил хонанданинг янги альбоми одатдаги каби концертдан сўнг эмас, балки концертдан 1 ой аввал тақдим этилиши кутилмоқда.
Улуғбек Раҳматуллаев ижросидаги "Ватанни севмоқ иймондандур" таронасини тинглаб, муносиб баҳо беринг!