Беном гуруҳининг концертида мухлисларни нималар кутмоқда
Ноябрь ойида 3 кун мобайнида "Сен борсанки" номли жонли ижродаги кино концерти билан мухлислари ила "Халқлар дўстлиги" санъат саройида дийдорлашадиган Беном гуруҳи изланишдан, гастрол концертлардан ва ижод қилишдан бир зум ҳам тўхташгани йўқ. Кеча-ю кундуз ҳаракатда бўлган ижодкорлар "Мабодо" қўшиғини тақдим этиши биланоқ Қарши шаҳрига гастрол сафари билан йўл олишди. Куни кеча бу манзилда меҳмон бўлган Сарвар ва Комил яна концерт ҳаракатларига киришиб кетишди. 22, 23, 24 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган дастурда улар "Сен борсанки" номли янги албомини ҳам тақдим этишни режалаштиришган. Ҳозирда ушбу албом устида қизғин иш олиб борилмоқда. Мухлисларини соғинган, концертда дардлашишни ният қилган ва улар билан дийдорни интизорлик билан кутаётган Беном гуруҳига куч-қувват ва омад тилаймиз!