Али Отажонов хоразмча илк ижод маҳсулини яратмоқда
Серқирра ижодкор Али Отажонов ҳам янги мавсумни янги ғоялар асосидаги бир нечта ижод маҳсулларини яратиш билан бошлади. Улардан бири "Нинай нинай" деб номланган хоразмча қўшиқдир. Бу мусиқий асар хонанданинг хоразм йўналишида куйлаган илк таронаси ҳисобланади. Қўшиқ номи биз каби сизнинг ҳам эътиборингизни тортган бўлса ажаб эмас. Хоразм аҳлига таниш бўлсада, биз унинг маъноси ҳақида қизиқдик. Али Отажоновнинг берган маълумотларига кўра, Хоразмчада бу сўз эркалаб айтиладиган сўзлар сирасига кирар экан. Композициянинг сўзи ва мусиқаси Алишер Шайдо томонидан ёзилган. Мусиқий безакчи Бекзод Айтбаев. Мазкур тарона учун уч кун мобайнида клипмейкер Суннат Номозов ҳамда "Омад медиа" ҳамкорлигида, Хивада, Туркманобод номли манзилда видеоклип тасвирга туширилди. Такрорланмас сюжетни ўз ичига олган ушбу видео асар яқин кунларда қўшиқ билан бирга премьера қилиниши режалаштирилган.