Ягонадан истиқлолимиз учун муносиб туҳфа
"Ҳар бир хонанда барчамиз учун азиз бўлган Ватанимизни мадҳ этиб, қўшиқ куйлаши зарур" дея ҳисоблайдиган Ягона ҳам ижодидаги илк Она Ватанга бағишланган таронани тақдим этди.
"Ватан" дея номланган қўшиқ "Ўзбегим Таронаси" радиосида премьера қилинди. Бу қўшиқнинг премьераси учун шахсан Ягонанинг ўзи радиога ташриф буюрди.
Ягона студияга бир ўзи кириб келгани йўқ, хонанда маҳоратли шоир ва хонандаликда ҳам ўзини синаб кўраётган Якзон билан ташриф буюрди. Эфир бошланишидан аввал ҳаяжонда эканлигини билдирган Ягона аслида бундай қўшиқни яратишни анчадан буён дилида тугиб қўйганини билдирди.
Эфир вақтида Ягона бу қўшиқ яралиши учун ўз ҳиссасини қўшган Гавҳар Матжоновага ва "Tarona Records" студиясига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Таронанинг илк оҳанглари янграши биланоқ ҳаяжони янада ортган Ягона жонли эфир орқали тингловчилар фикрини қабул қилди. Тингловчилар эса тарона уларга маъқул келганини ва айниқса қўшиқ матни таъсирчан руҳда яратилганини эътироф этишди. Бундай фикрлардан кўнгли кўтарилган Ягонанинг кайфияти янада кўтарилди.
Премьера сўнггида барчага эзгу ниятларини билдирган Ягона мухлислар учун янгидан-янги ижод намуналари яратишда давом этишини билдирди.