“Фарҳод ва Ширин”: муҳаббатнинг янгича талқини
Шу кунларда пойтахтимиз Тошкент шаҳрида яна бир ўзбек фильмининг суратга олиш ишлари олиб борилмоқда.
Фильм продюсери “Фотима ва Зуҳра”, “Ёндиради, куйдиради”, “Хиёнат гирдоби” картиналари орқали барчага яхши таниш бўлган Руслан Мирзаев. Унинг айтишича, “Фарҳод ва Ширин” картинасидаги сюжет Алишер Навоийнинг шу номдаги достонига мутлақо алоқаси йўқ ва фильм сценарийси “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан тасдиқдан ўтган.
Фильмда муҳаббат туйғуси ғурур, қаҳрамонлар характеридан устун келиши тараннум этилади. Инсон тақдири ўз қўлида эканлиги ва бу ҳаётда тасодифлар шунчаки учрамаслиги каби фалсафий маънолар ҳам мужассам.
Фильмда бош ролларни актрисаликда ҳам етарлича маҳоратга эга бўлган эстрадамизнинг латофатли вакиласи Лола, актёрлар жамоасидан Умид Искандаров ва Наргиза Солмонова ижро этишмоқда.
Суратга олиш жараёнининг илк ҳафтасида Лола ва Умид Искандаров саҳналари тасвирга олинди. Актёрлар жамоасидан "муҳаббат учбурчаги ҳақидаги навбатдаги фильм" деб ўйласангиз, хато қиласиз. Картина сюжети шу вақтгача яратилган фильмларни такрорламайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тасвирга олиш майдончасига ижодий гуруҳ билан ташриф буюрганимизда, бош роллар ижрочилари бежизга танланмаганлигига ва улар ўз қаҳрамонларини маромига етказиб ижро этишганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, асл касби хонандалик бўлса-да, актрисалардан қолишмайдиган Лоланинг маҳоратини кўпчилик эътироф этди.
Бир неча кунлик суратга олиш жараёнидан олинган фотосуратларни эътиборингизга ҳвола этамиз.