Маданий ҳамкорлик “МАН” қирғиз спектакли ўзбек театри саҳнасида
Шу кунларда Қирғизистон Республикаси маданият ва маънавият ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Қирғизистон Республикаси халқ ёзувчиси Султан Раев бошчилигида Қирғизистоннинг Норин вилояти академик мусиқали театри вакилларидан иборат 25 кишилик делегация пойтахтимизда ижодий сафарда бўлди. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида меҳмон ижодий жамоа тантанали қарши олинди.
Театр фойесида жонли ижрода қўшиқлар куйланди. Сўнгра, театр саҳнасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, театр директори Мирза Азизов қирғиз қардошлар билан ўзаро туҳфалар алмашишди. Тадбирнинг бадиий қисмида режиссёр Султан Раевнинг ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романи асосида саҳналаштирилган “Ман” спектакли намойиш этилди. Бу спектакль инсон туйғуларининг тасвири, тақдирлар тўқнашуви, турмуш қийинчиликлари, давр руҳиятининг ёрқин ифодаси, кишилик жамияти ҳақида сўзлайди.