Актёр Карим Мирходиев "Евразия" фестивалида "Йилнинг яхши актёр"ини қўлга киритди
Аввалги хабарларимизда айтиб ўтганимиздек, ёш киноижодкорлар кенгаши ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази бошчилигидаги ўзбек кино делегацияси айни кунларда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган 14-ҳалқаро “Евразия” кинофестивалида иштирок этишди. Делегация таркибида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирҳодиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов, кинорежиссёр Рашид Маликов, киноактёрларимиз Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов, Шахзода Матчонова каби ўзбек киносининг таниқли ва истеъдодли ижодкорлари бор. “Евразия” кинофестивалининг асосий танловига қўйилган 12 та фильм ичида, кинорежиссёр Рашид Маликовнинг “Сабот” деб номланган фильми ҳам ғолиблик учун курашди.
Фестивал доирасида ўзбекистонлик киноижодкорлар Остонадаги Қозоғистон миллий санъат университетида бўлиб, ўқув жараёнлари билан яқиндан танишишди.
Шунингдек, ўзбек делегациясининг ушбу ташриф чоғидаги энг муҳим натижаларидан бири, бу Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан шу йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “PROlogue” ҳалқаро кинофестивали ҳамда “Евразия” кинофестивали президенти ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси бўлиб, мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида ташланган яна бир янги қадам бўлди. Шунингдек, куни кеча мазкур фестиваль доирасидаги танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда маҳоратли актёр Карим Мирходиев, "Сабот" фильмидаги роли учун "Йилнинг энг яхши актёри" номинацияси ғолиби бўлди.