Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедовнинг 100 йиллик юбилейи нишонланди
27 май куни Муқимий номидаги давлат мусиқали драма театрида ўзбек қўшиқчилиги ва мусиқали театр санъатининг улуғ дарғаси, беназир санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов таваллудининг 100 йиллик юбилейи муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда бир қатор устоз санъаткорлар, актёр ва актрисалар, Муроджон Аҳмедовнинг шогирдлари, издошлари иштирок этишди. Жумладан, Мирза Азизов, Озодбек Назарбеков, Абдуҳошим Исмоилов, Ёқуб Аҳмедов, Ортиқ Отажонов, Лутфулла Саъдуллаев, Муножот Йўлчиева, Яҳё Мўминов, Асал Шодиева, Шахзода Муҳаммедова, Отабек Муталхўжаев, Машхурбек ва бошқалар.
Тадбирда устоз санъаткорнинг шогирдлари, издошлари, ҳамкасблари куй-қўшиқлари билан тадбир иштирокчиларини хушнуд қилдилар. Қолаверса, буюк ижодкор билан ҳамнафас бўлган бир қатор санъаткорлар унутилмас хотиралари билан бўлишишди. Муроджон Аҳмедовнинг муносиб издоши, набираси, хонанда Каниза Аҳмедова тадбирга ташриф буюрган барча меҳмонларга, ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.