Муниса Ризаева “Овуна” қўшиғи учун видеоклип суратга олдирди
Элимиз суйган санъаткор, жозибали хонанда Муниса Ризаева “Овуна” қўшиғи учун видеоклип суратга олдирмоқда. Маълумки, бу қўшиқ ҳозирги кунда тингловчиларнинг севимли тароналаридан бирига айланган. Шу сабабли, клип ҳақидаги хабар хонанданинг барча мухлисларини қувонтирса ажаб эмас.
“Бу клип ватанпарварлик ҳақидаги клип. Унда милиция ходимининг ҳаёти акс этган. Улар ҳар доим халқини қўриқлаб, инсонларга ёрдам беради. Халқининг қувончи учун жон куйдириб меҳнат қилади. Мендан бу касб эгалари кўп марта ўзларининг ҳаёти ҳақида клип тасвирга олишни сўрашар эди. Олдин бундай клип ишлашга имкон бўлмаган. Бироқ шу кунларда имконият туғилди. Жамшид Ҳожиниёзов бу қўшиқ учун сценарий ёзди ва бизга маъқул келди. Шундан сўнг ватанпарварлик акс этган клипни тасиврга олишни бошладик. Бу клипнинг бош қаҳрамони, партнёрим Шоҳруҳ Ҳамдамов билан биринчи марта ишлашим. Бу актёрни бизга режиссёр тавсия қилган. Олдин танимаган бўлсамда, жуда яхши ишламоқда. Менинг клипдаги образимга келсак, жудаям оддий қиз образини яратяпман.” –дейди Муниса Ризаева.
Хонанда видеоклипда бир нечта образда намоён бўлади. Унинг либослар устида Ҳилола Шер иш олиб бормоқда. Режиссёр Сарвар Исаев, тасвирчи Ёдгор Носиров.