Миржон Ашрапов танқидларга муносиб жавоб қайтарди
17-июнь куни “Ўзбегим Таронаси” радиосига ўзининг янги қўшиғини тақдим этиш учун ташриф буюрган Миржон Ашрапов кескин саволларга жавоб беришга мажбур бўлди.
Машҳур хонандаларимиз учун хит даражасига кўтарилган қўшиқлари бастакори ҳисобланган маҳоратли ижодкор Фаррух Бадалбоевнинг продюсерлик лойиҳаси ҳисобланган Миржон Ашрапов “Қара энди” қўшиғини тингловчилар учун тақдим этди. Фарруҳ Бадалбоев билан бирга “Премьера” лойиҳасига ташриф буюрган хонанда қўшиқ янграшидан аввал бошловчи билан суҳбатга киришиб, ўзи ҳақида ҳам тингловчиларга маълумот бериб ўтди.
Асли бухоролик бўлган ижодкор ёшлигидан санъатга қизиқишини ва шоу-бизнес оламига кириб келишига Фарруҳ Бадалбоев катта ёрдам берганлигини маълум қилди. Миржон Ашраповнинг илк “Лики-лики ўйна” номли қўшиғига ишланган клип сайтимиз орқали премьера қилинганди. Айнан ушбу тарона ва клип борасида бир қатор танқидларга учраган Миржон Ашрапов барча саволларга ойдинлик киритиб, турли гап-сўзларга ҳам нуқта қўйди.
"Ўзбегим Таронаси" радиосига қўнғироқ қилиб боғланган тингловчилар "Лики-лики ўйна" таронаси "Шики-шики баба" номли озарбайжонлик ижрочи томонидан куйланган таронадан олинганлигини айтиб, бу қўшиқни танқид қилишди. Миржон Ашрапов тингловчиларнинг барча фикрларини хотиржамлик билан қабул қилиб, яъни уларнинг турли хулосаларига қулоқ тутиб, аниқ маълумотларни сўнгги жавоб сифатида маълум қилди.
Миржон ушбу қўшиқни куйлагач, уни тинглаган "Шики-шики баба" таронасининг ижрочиси озарбайжонлик Элнур Валеҳ қўшиққа юқори баҳо бериб, хонандага янги таклиф ҳам киритган. Унга кўра, "Шики-шики баба" таронаси ўзбек ва озарбайжон тилида ҳар иккала ижрочи билан биргаликда дуэт тарзида тақдим этилди. Айни кунларда мазкур дуэтга ишланган видеоклип ҳам томошабинлар учун тақдим этилмоқда.