RIZANOVA 2018 галаконцертидан батафсил
15-16 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида аввалроқ, яъни 11 февраль куни ўтказилган RIZANOVA 2018 тақдимот маросимида тақдирланган хонандалар ва эстрадамизнинг бошқа юлдузлари иштирокида RIZANOVA 2018 ҳисобот концерт дастури бўлиб ўтди.
Ёрқин ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлган ушбу галаконцерт кутилмаган совғаларга бой бўлди. Концерт давомида дастурдан ўрин олган қўшиқлар томошабинларни йиғлатди, ўйга солди, қувонтирди, рақсга чорлади. Асосан шўх ва рақсбоп тароналардан тузилган энг сара ва хит тароналар айнан RIZANOVA 2018 галаконцертида ижро этилди. 4 қисмдан иборат бўлган концертда 24 та қўшиқ куйланди.
Ҳар бир қўшиққа мос ранг баранг чироқлар рақси эса мухлислар кайфиятини кўтариб, уларнинг қалбига завқ бағишлади. Истеъдодли раққосалар томонидан тароналарга мос тайёрланган рақс саҳналари эса томошабинлар эътиборини янада тортди.
Концертда RIZANOVA 2018 мукофоти совриндорлари Шаҳзода, Шоҳруҳхон, Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Муниса Ризаева, Гулсанам Мамазоитова, Жаҳонгир Позилжонов, Ҳулкар Абдуллаева, Зиёда, Севинч Мўминова, Жаноб Расул, Сарвар ва Комил, Уммон гуруҳи, шунингдек, Нилуфар Усмонова, Шоҳжахон ва Зоҳиршох Жўраевлар, Ойбек ва Нигора, Виа Мароканд, Фарҳод ва Ширин, Отабек Муталхўжаев, Баҳром Назаров, ёш истеъдод эгалари Бегзод Исмоилов, Барно, Диёр гуруҳи, Севара қатнашди. Бундан ташқари, концерт дастури давомида ўзбек санъатида фаолият юритадиган хонандалар ичида Улуғбек Раҳматуллаев, Шаҳзода RIZANOVA каналида энг кўп томоша қилинган клиплар поғонасини эгаллаб турганликлари учун алоҳида тақдирландилар. Олдинроқ бўлиб ўтган тақдирлаш маросими эса экранда ҳар бир қисм орасида катта экранда намойиш этилди. RIZANOVA 2018 тақдимот маросими давомий бўлишини, кейинги йилда хонандалар яна янги ижод намуналари учун мукофотларни қўлга киритишларини тилаб қоламиз.