“Қизил йўлакча” – бу сиз кутган маросим!

Сана: 24.11.2017 2539

“Қизил йўлакча” – бу сиз кутган маросим!

“PROlogue – 2017” фестивали бу йили бутунлай бошқа форматда, бошқача ёндашув билан ўтказилиши режалаштирилган.
Фестиваль 27-30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида жойлашган Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтади.
Анъанавий тарзда ташкил этилаётган фестиваль бу йили ноанъанавий услубда "Орамиздаги афсоналар" фотокўргазмаси билан очилади. Фотокўргазма ўзбек кинематографиясида ўзининг ўчмас изини қолдирган, етук санъат асарлари яратган, кино соҳасида ўзининг алоҳида услуби ва мактабига эга бўлган устоз санъаткорларга бағишланади. Ёш киноижодкорлар кенгаши "Орамиздаги афсоналар" фотокўргазмаси орқали замондош афсоналаримизни бир нуқтага жамлайди, устоз санъаткорларга ўзининг эҳтиромини яна бир бор кўрсатади.
“PROlogue – 2017” фестивали учун Али Ҳамроев, Элёр Эшмуҳаммедов, Одилшо Агишев, Юсуф Розиқов сингари кинорежиссёрлар хорижий давлатлардан етиб келишади.
Тадбирнинг сўнгги куни, яъни 30 ноябрда ўзбек кино санъатининг энг машҳур шахслари, “PROlogue” фестивали иштирокчиси бўлган ёш киноижодкорлар сарой олдига ёзилган қизил гиламчадан ўтиб боришади. Ёшлар ижод саройи биноси шу куни тантанали равишда безатилган бўлиб, сарой олдидаги йирик экранларда маросим тўғридан-тўғри намойиш этиб борилади.
Фестивалнинг сўнгги кунида 10 дан ортиқ лимузинда ўзбек шоу-бизнес вакиллари 100 га яқин фотографлар томонидан кутиб олинади. Маросимда юртимизнинг кўплаб ОАВ ходимлари ҳам аккредитациядан ўтишган.
Мазкур маросим 2018 йилда ўтказилиши режалаштирилган Халқаро кинофестивал учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

“Қизил йўлакча” – бу сиз кутган маросим!

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol