“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” тарғибот тадбирлари Хоразмда бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан
“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” шиори остида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари Қорақалпоғистон Республикасида якунланиб Хоразм вилоятида старт олди.
Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Урганч темир йўл вокзалида таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат республика тарғибот гуруҳи аъзолари, вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги маданият ва санъат ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Шу куннинг ўзида Хоразм вилояти ҳокимлигининг мажлислар залида тарғибот тадбирларида иштирок этувчи пойтахтдан ташриф буюрган тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамда Хоразм вилоятидан масъул этиб бириктирилган ташкилот ва муассасалар ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Шундан сўнг, тарғибот гуруҳи аъзолари Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан қад кўтарган ижод маркази ва Комилжон Отаниёзов уй-музейига ташриф буюришди.
Сўнгра тарғибот гуруҳи аъзолари билан Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасига саёҳат уюштирилди. Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида улуғ пиру авлиёларнинг қабрлари зиёрат қилинди.
Тарғибот тадбирлари 17 сентябрга қадар давом этади.