Моҳимдан янги фотосессия ва янги қўшиқ
Ёш бўлишига қарамасдан кетма-кет янги ва асосийси барчага ёқимли ижод намуналарини тақдим этаётган Моҳим асло тиним билмаяпди.
Яқиндагина 9-Май Хотира ва қадрлаш куни учун махсус ёзилган “Боболарим” таронасини тақдим этган Моҳим яна бир муҳим сана учун тайёргарлик кўрмоқда. Ёз мавсуми бошланишининг илк санаси, яъни 1-июнь мамлакатимизда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Хонанда Моҳим ҳам мазкур сана учун янги қўшиқни тайёрлади.
“Болалар” дея ном олган тарона нафақат 1-июнга бағишланади, балки жорий 2014-йил “Соғлом бола йили” муносабати билан ҳам махсус ёзилган.
Мазкур тарона премьераси 27-май куни соат 18:20 да “Ўзбегим Таронаси” радиосида ўтказилади. Янги қўшиқ премьерасини ўтказиб юборманг!
Моҳим яқиндагина фотосессия уюштириб, ўзининг янги фотосуратларини эксклюзив равишда сайтимизга тақдим этди. Биз ҳам унинг янги фотосуратларини сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.