КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 100 ЙИЛЛИГИГА ТАЙЁРГАРЛИК АВЖИДА

Сана: 13.06.2017 4498

Диёримизда Ўзбекистон халқ артисти  Комилжон Отаниёзовнинг қўшиғини тингламаган, у ҳақда эшитмаган инсон топилмаса керак. Юртимизнинг таниқли санъаткори, бастакор ва ҳофизи ҳаёт вақтида ўзининг бетакрор ижрочилик қобилияти билан халқимиз қалбидан ўрин олганди. Комилжон Отаниёзов мураккаб халқ ашулалари, Хоразм лазгиси, мақом, сувора, достонларни қойилмақом тарзда куйлаб, ўзбек миллий мумтоз қўшиқчилик санъатининг ривожига муносиб улушини қўшганди.

Айни дамда, Хоразм воҳасида устоз санъаткор таваллудининг 100 йиллигига қизғин тараддуд кўрилмоқда.  Урганч шаҳрида Комилжон Отаниёзов уй-музейи, Урганч туманидаги Ғалаба қишлоғида Комилжон Отаниёзов номидаги боғ мажмуаси ва унинг таркибида ижод марказини барпо этиш, устоз санъаткор дафн этилган "Иморат бобо” қабристони ҳудудида янги  масжид қурилиши изчил давом этяпти.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш маркази директори  ўринбосари Қурбонмурод Омонқулов вилоятга ташрифи чоғида Комилжон Отаниёзов номидаги боғ мажмуаси ва янги қурилаётган масжидда бўлиб, у ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўрди. Бунинг баробарида, санъаткорнинг Урганч шаҳрида яшаган уйида ташкил қилинаётган уй-музей  жараёни билан ҳам танишди.

Бинобарин, Хоразм вилоятида  Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги доирасида Хоразм вилояти мусиқали драма театрида ўтказиладиган  хотира кечаси, унинг  ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган кўргазма, Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номли маданият ва истироҳат боғида уюштириладиган устоз қўшиқлари ижрочиларининг республика кўрик-танлови, Хива "Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг "Кўҳна Арк” мажмуасида бўлиб ўтадиган гала-концерт,  Хоразм Маъмун академиясида ташкил этиладиган илмий-амалий конференция ҳамда бошқа маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни юксак савияда, халқимизга манзур бўладиган даражада уюштириш белгилаб қўйилган.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol