Қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик эстрада хонандасининг асосий инсоний фазилатига айлансин
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович раҳнамолигида мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар аниқ ва қатъий мақсадларга қаратилган. Яъни, одамларни рози қилиш, уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, онгу тафаккурини ўзгартириш, Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини ошириш – устувор вазифаларимиздан биридир. Халқимизга маданий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга ғов бўлаётган камчилик ва муаммоларнинг адолатли ечимини топиш бугунги йиғилишнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Халқимизнинг, айниқса, ёшлар маънавий оламини юксалтиришга, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, шу билан биргаликда мамлакатимиз аҳолисининг кайфиятини кўтариб, ишчанлик руҳиятини янада ошириш учун албатта эстрада хонандаларининг ўрни беқиёс.
Куни кеча “Ўзбекконцерт” давлат муасасаси томонидан “Туркистон” саройида “Қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир эстрада хонандасининг асосий инсоний фазилатига айлансин” мавзусида эстрада хонандалари билан йиғилиш ташкил этилди.
Мажлисда Ўзбекистон Репсубликаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Хожиматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими Абдуваҳоб Сахиев эстрада хонандалари, ва Муассаса ходимлари иштирок этди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори в.в.б. А.Ҳайдаров сўзга чиқиб: “Бошқалар билмаса ҳам, биз ўз қадримизни, ноёб истеъдодимизни асраб-авайлашимиз, санъаткорнинг номини, шаъни ва обрў эътиборини ҳимоя қилишимиз зарур. Шундай қўшиқлар айтайликки, қўшиқнинг қудратини тушунган имонли, эътиқодли кишилар сизларни ўғил қизларига ибрат қилиб кўрсатсин. Ҳамма ҳам санъаткор бўлолмайди, фақат Оллоҳ суйиб истеъдод ато этсагина ўша инсон эл назарига тушадиган хонанда бўлиб танилиши мумкин.
Санъаткорлик касби эса инсондан сабр-тоқат ва метиндек ирода талаб қилади. Чунки, элга танилган ҳар бир санъаткор омма эътиборида бўлиб, уларнинг ижоди ва фаолияти ҳар доим муҳокама этиб борилади. Ва улар ўз навбатида танқидларга учраши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Санъаткор ўринли келтирилган танқидлардан тўғри хулоса чиқариб ўз ижодий фаолиятини давом эттириши лозим. У ўшандагина санъаткорлик мақомини сақлаб қола олади. Халқ назарида бўлган санъаткорларимиз тинимсиз меҳнатда ва изланишда бўлишлари керак. Уларнинг меҳнатдан, ҳаракатдан бир лаҳзага тўхташи омма эътиборидан четда қолишига сабаб бўлади. Санъатнинг юки оғир. Аммо, буни ҳамма ҳам тушунавермайди, тўлиқ англамайди. Ачинарли томони шундаки, одатда эстрада хонандаларининг фаолиятини кўплаб бошқа касб эгалари танқид қилади.
Бугунги йиғилиш ана шундай нохуш ҳолатларнинг олидини олиш, хонандаларни қийнаётган муаммолардан хабардор бўлиш, келгусида ўзаро келишиб, маслаҳатлашиб ишлашдан иборат” деди Муассаса раҳбари .
Эстрада хонандалари маданият ва санъат йўналишининг кўпчилигини ташкил этадиган жамоа ҳисобланади. Барча аҳил, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлса, орадаги масъулиятсиз, фақат ўзини ўйлайдиган айрим санъаткорларни иложи борича тарбияланиши, агар инсофга келмаса, улар ўз-ўзидан санъаткорлар сафидан чиқиши таъкидланди.
“Қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир эстрада хонандасининг асосий инсоний фазилатига айлансин” мавзусидаги йиғилиш сўнгида ватанимиз тараққиёти йўлида бир жамоа бўлиб ишлаб, ижод қилишга келишилди.