Шаҳзоданинг концерт дастурига Қозоғистоннинг машхур телеканалларидан журналистлар ташриф буюрди
Маълумки, айни дамда бетакрор Шаҳзоданинг “Истиқлол” санъат саройида яккахон концерт дастури бўлиб ўтмоқда. Ваъда қилганимиздек, дастурнинг учинчи кунидан ҳам эътиборингизга ёрқин фотожамланмани ва дастур ҳақидаги янгиликларни тақдим этамиз.
Дастур ҳар йилгидек аншлаг тарзда давом этмоқда. Ташриф буюрган мухлислар янада фаол. Зал тўла меҳмонлар, уларнинг олқишлари, меҳри, ҳайқириғи ва энергиясини кўриб дастурнинг ҳар бир куни аншлаг ўтаётгани томошабинлар бот-бот таъкидлаб ўз манзилларига йўл олмоқдалар.
7 май куни хонандани қутлашга санъатимиз вакилларидан Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, маҳоратли актриса Раъно Шодиева, Умидахон, Азиза Низамова, Жасур Бадалбоев ва бошқалар ташриф буюришди.
Шунингдек, концертга иштирок этиб, ундан баҳра олиш учун чет давлатлардан ҳам меҳмонлар ташриф буюришмоқда. Ҳаттоки, куни кеча Япониядан Шаҳзоданинг ашаддий мухлислари келишди. Бундан ташқари унинг яккахон концерт дастуридан махсус репортаж тайёрлаш учун Қозоғистоннинг машхур телеканалларидан бири MUZZON TV каналида фаолият олиб борадиган журналистлар ҳам дастур меҳмони бўлдилар. Улар концерт дастурини кузатиб, хонанданинг ижро маҳоратига, унинг мухлислари билан мулоқотига, самимийлигига яна бир бор тасаннолар айтишди. Ўзлари учун Шаҳзодани қайта кашф қилишди. Саҳна декорацияси, рақслар, хонанданинг имиджи уларни лол қолдирди. Концертдан завқланган журналистлар дастур сўнгида Шаҳзода билан махсус суҳбат уюштиришди ва фикр-мулоҳазалари билан бўлишишди. Ўзларини қизиқтирган барча саволларга хонандадан жавоб олишди.
Биламизки, Шаҳзодани нафақат юртимизда балки, қўшни бошқа мамлакатларда ҳам севиб тинглашади. Бугунги кутилмаган мухлислар ташрифи эса сўзимизнинг яққол исботи бўла олади. Шаҳзодани мана шундай ютуқлар билан қутлаймиз ва концертнинг қолган кунлари ҳам кўнгилдагидек ўтишига тилакдошмиз.