Фаррух Зокиров ва Шаҳзодадан видеопремьера – “Чинара”
Эстрадамизнинг мафтункор хонандаси Шаҳзода, элимиз ардоғидаги санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан куйлаган “Чинара” қўшиғини мухлислари эътиборига ҳавола қилган эди. Кутилганидан ҳам аъло даражада қарши олинган мусиқий асарга видеоклип суратга олингани ҳам маълум.
Шаҳзода доимо кутилмаган ижодкорлар билан дуэт куйлаб, кутилмаган мавзудаги қўшиқларни тақдим этиб келади. “Чинара” дуэти ҳам айнан мана шундай самарали ҳамкорлик натижаси десак, муболаға бўлмайди.
Куни кеча Шаҳзоданинг альбоми сотувга чиққани ҳақида хабар берган эдик. Совғалар кетма-кетлиги эса бугун старт олган концерт билан давомланибгина қолмай, “Чинара” дуэти учун яратилган клип премьерасига уланди.
Лариса Рубальская сўзи билан яратилган қўшиқнинг мусиқасини Фаррух Зокиров басталаган. Убайдулла Каримов, Сарвар Азимов ва Комил Фозилов томонидан эса қўшиқ мусиқаси сайқалланган. Клип режиссёри Жамшид Ҳожиниёзов, постановкачи оператор Бегзод Пўлатов ва Шаҳзод Пўлатов. Суратга олиш жараёнларининг барча ташкилий ишлари ва техник таъминот «Shoxona Creative Group» томонидан амалга оширилди.
Ундаги ғоя Ўзбекистон тарихидан олинган бўлиб, айнан шу мавзуни бу клипда кўтариш таклифи Шаҳзода томонидан билдирилган. Видеоклип ғояси, сценарийси тайёр бўлганида Фаррух Зокировга кўрсатилган ва уларга ҳам маъқул келгани боис, биргаликда шу услубда клип суратга олиш ишлари бошлаб юборилган. Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, яратилган клипда ўтмишимиз, тарихимиз, ўтган кунларимиз акс этган.
Клипда элимиз ардоғидаги устоз актёрлар билан бирга ёш истеъдодли ижодкорлар ролларни ижро этишган: Ўзбекистон халк артисти Дилбар Икромова, Муҳаммадали Искандаров, Наргиза Абдуллаева, Олег Терновой, Юлдуз Ражабова, «Аладдин» болалар студияси ва бошкалар.
Ўзгача йўналишдаги мазкур ижод намунаси мухлисларни беэътибор қолдирмайди ва яқинлашиб келаётган Хотира куни арафасида халқимиз учун муносиб совға бўла олади. Марҳамат томоша қилинг.