“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!”
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 апрелдаги “2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” номли тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 63-сонли (08/1-248 17.04.2017 й.) мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мазмунидаги тарғибот тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази билан ҳамкорликда алоҳида тасдиқланган режа асосида ўтказилмоқда.
Ушбу режа асосида тадбирлар жорий йилнинг 24 апрель куни Тошкент вилоятининг 2 та шаҳар ва 2 та туманларида, шундан, Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари ҳамда Пискент, Оҳангарон туманларидаги 22 та умумтаълим мактабларда, 12 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда, 2 та Маданият ва аҳоли дам олиш маркази (Ангрен шаҳридаги “Дукент” аҳоли дам олиш маданият маркази, Оҳангарон шаҳридаги “Сусан” аҳоли дам олиш маданият маркази), 2 та Маданият ва истироҳат боғи (Оҳангарон маданият ва истироҳат боғи ҳамда Пискент тумани ёшлар боғи), 1 та Саҳоват уйи (қариялар уйи)да юқори савияда ўтказилди.
Мазкур тадбирларда 80 нафардан зиёд таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этиб, тадбирларга жами 14 580 нафар ўқувчи ёшлар ҳамда аҳоли вакилларининг иштироки таъминланди. Шундан, 6800 нафар умумтаълим мактаблари ўқувчилари, 3860 нафар касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда 320 нафар саховат уйи (қариялар уйи)да, 1850 нафар Маданият ва ахоли дам олиш марказларида ва 1750 нафар Маданият ва истирохат боғларида ўқувчи ёшлар ҳамда уюшмаган аҳоли жалб этилди.
Ушбу тадбирлар ўқувчи ва талаба-ёшларнинг ёши ва психофизиологик жиҳатларидан келиб чиқиб, олдиндан ишлаб чиқилган намунавий сценарий ва маъруза матнлари асосида ташкил қилинмоқда.
Тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва маданият ходимлари, Ўзбекистон халқ шоир ва ёзувчилари ўқувчи ва талаба ёшларга мустақилликка қадар бўлган давр ва мустақиликдан сўнг эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни солиштириб, “жонли мисоллар” билан таъсирчан руҳда гапириб бермоқдалар. Ёшлар орасидан вакиллар ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда халқаро мусобақа ва танловларда эришган ютуқлари, яратилган имкониятлар тўғрисида сўзлаб, тенгдошларини яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга, Ватанга, жамиятга муносиб фарзанд бўлишга чақирмоқдалар.
Тарғибот тадбирларида иштирок этган санъат ва маданият намоёндалари ҳамда эстрада хонандалари тадбирларда ўқувчи ёшлар билан биргаликда жонли тарзда суратларга тушган ҳолда ижтимоий тармоқлардаги ўзларининг махсус саҳифаларига жойлаштирмоқдалар, ижтимоий тармоқлар орқали эстрада хонандаларнинг шахсий саҳифаларига жойлаштирилган суратларга
6 мингдан зиёд кузатувчилар томонидан ижобий фикрлар билдирилди.