Юлдуз Усмонованинг концерти ҳақида дастур режиссёри қандай фикрда?
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерт дастури давом этмоқда. Ҳар бир куни ўзгача ўтаётган концерт халқимизга олам-олам қувонч бағишламоқда. Хонанданинг концерт дастурига нафақат юртимиздан, балки узоқ ва яқин давлатлардан ҳам мухлислар ташриф буюришмоқда. Куни кеча эса АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен хоним дастур меҳмони бўлди.
Дастур режиссёри Шуҳрат Нуралиевнинг берган маълумотларига қараганда, у концертда ижро этилган қўшиқлардан завқланиб, ҳаттоки “Санамгина” қўшиғига рақсга тушган. Шунингдек, Юлдуз Усмонова ҳақида ўзбек тилида қисқа бўлса-да илиқ фикрлар билдирган. Унинг “Юлдуз Усмонова, сиз жуда зўрсиз” деган сўзлари барчани лол қолдирган.
Айни дамда юқори кайфиятда ўтаётган дастур ҳақида Шуҳрат Нуралиевга яна бир бор юзландик.
-Концерт режиссёри сифатида дастур ҳақида нималар дея оласиз? Концерт қандай ўтмоқда?
-Ҳар бир ижодкорда бўлгани каби, ҳеч бир ижодкор ўз ишидан қониқмайди. Бизнинг назаримизда ҳам қониқиш йўқ. Ҳар куни камчилик ва хатоларни тўғрилашга ҳаракат қиляпмиз. Кундан кунга янги ғоялар туғилмоқда ва шу ғояларни ҳам қўлласак бўлар экан деб гоҳида ўйлаб ҳам қоламиз. Шунга қарамай томошабинлар жуда яхши қабул қилишмоқда. Демак, бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бизнинг меҳнатимиз самарасиз кетмади. Юлдуз Усмонова ўзлари ҳам ҳаяжондалар. Чунки ҳар куни парда беш маҳал очилса, беш маҳал ҳаяжон бўлади. Шунга қарамай, қизғин иш олиб бормоқдамиз.
Четда қараб турадиган режиссёр сифатида гапирадиган бўлсам, Юлдуз Усмонованинг ғайратига фақатгина ҳавас қилиш керак. Ўйлайманки, ҳар битта режиссёр учун бу санъаткор билан ишлаш, ҳам бахт, ҳам катта мактаб. Улардан жуда кўп нарса ўрганса бўлади.
Биз эса дастурнинг қолган кунлари ҳам файзли ва қувончли ўтишига тилакдошмиз. Омад ёр бўлсин деб қоламиз.