10 йил соғинтирган Юлдуз Усмонова яккахон концерт дастурини намойиш этмоқда
Ўзбекистон халқ артисти, элимизнинг севимли санъаткори, ўз мухлисларини роппа-роса 10 йил соғинтирган хонанда Юлдуз Усмонова шу кунларда “Истиқлол” санъат саройида “Эй азиз инсон” номли яккахон концерт дастурини тақдим қилмоқда.
9 апрелдан 23-апрелгача давом этадиган дастур жонли ижрода бўлиб ўтмоқда. Санъат осмонининг мудом ёрқин юлдузи, “Истиқлол” санъат саройида қалби соғинчга тўла мухислари билан дийдорлашар экан, шу кунларга, мухлисларига, халқимизга шукроналар айтишда концерт давомида толмади.
Ўзгача руҳда бўлиб ўтаётган концертга Юлдуз Усмонова ва унинг ижодий жамоаси катта тайёргарлик кўрганини пайқаш қийин эмас. Баҳорий гулларга бурканган саҳна бузаги, ҳар бир қисмда турланиб, мухлисларни лол қолдирди. Янги дастурда куйланган янги қўшиқлар эса илк жарангидаёқ хит бўлди.
Бу қўшиқларни концертга ташриф буюрганлар интизорлик билан кутиши тайин. Саноғи йўқ раққос-у раққосалар маҳоратига ҳам тан бермасдан илож йўқ. Концерт дастури тугаб, мухлислар олқиши-ю ҳайқириғидан саҳнага қайтган Юлдуз Усмонова уларнинг талаб ва истакларига биноан қалблардан жой олган бир нечта қўшиқлар билан ташриф буюрганларни хушнуд этди.
Ҳали олдинда яна концерт кунлари кутиб турибди. Дастурнинг ҳар бир куни мана шундай файзли ва мароқли ўтишига тилакдошмиз. Дастур ҳақида яна кейинги янгиликларимизда маълумотлар бериб ўтамиз.