“Ҳамроҳ” картинасининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди
5-март куни Алишер Навоий номидаги киносаройида режиссёр Акром Шoҳназаров томонидан суратга олинган “Ҳамроҳ” номли картинанинг ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тақдимотга ОАВ вакиллари, актёр ва актрисалар, хонандалар, режиссёрлар ташриф буюришди. Тақдимотни актриса Лола Элтоева очиб берди ва ижодий жамоанинг асосий мағзини ташкил этган фильм жонкуярларини саҳнага таклиф қилди. Фильмнинг бош қаҳрамонлари ижодий сафарда эканлиги боис, улар картининг ёпиқ премьерасига ташриф буюра олишмади. Тақдимотга келган ижодкорларни режиссёр Акром Шoҳназаров бирма-бир таништирди ва фильм намойиши бошланди.
Картинада инсонларнинг руҳлар билан бўладиган ва ҳар кимда ҳам учрамайдиган муносабати тасвирланган. Унда актриса Юлдуз Ражабова руҳ образини яратган ва воқеалар ривожи Адиз Ражабов яратган образ билан давомланган. Ўзига берилган қаҳрамонни ўта маромига еткaзиб ижро килган икки ижодкорни ҳам сиз бу фильмда қайта кашф этасиз. Фильмда шундай саҳналар борки, томошабин ўзини гўёки мана шу кадрларнинг ичидадек ҳис этади. Картина бошидан ҳар бир томошабинни ўзига жалб эта олади ҳамда фильмнинг сўнггига қадар у шу картина ичида яшайди. Танланган йўналиш, ғоя, актёрлар танлови, кадр орти ижодкорларининг моҳирона ишини картинанинг ютуғи дейиш мумкин.
Фильмда кўрсатилган воқеалар ривожини батафсил ёзгандан кўра, уни бир бор кўрган афзал. Бироқ юраги бўшлар ва асаби таранглар картинани томоша қилмагани маъқулроқ. Фильм ижодкорларини табриклаймиз ва катта премьерани кутиб қоламиз.